Турсунбай Бакир ўғли «Бутун Кыргызстан» билан партия рўйхати бўйича  судлашишга тайёр

291
Турсунбай Бакир уулу. Сурат: Акипресс

Собиқ депутат Турсунбай Бакир ўғли матбуот анжумани ўтказиб, унда «Бутун Кыргызстан» партияси уни рўйхатдан чиқариб юборганидан шикоят қилди. Бакир ўғли мазкур партия билан парламент сайловига боришни режалаштираётган эди.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда у сиёсий партиядан кетгани ҳақида маълумот пайдо бўлган, аммо собиқ депутат бу маълумотни инкор қилди.

«Кимдир мени “Бутун Кыргызстан”дан чиқиб кетди деб миш-миш тарқатди. Мен кетмаганман. Мен партиянинг рўйхатида нима учун йўқ бўлиб қолганимни эса эртага биласизлар», — деб ёзган у 25-августда.

Бакир уулу нимадан норози ?

Унинг айтишича, у партиянинг съездида маълум бир номзодлар рўйхати учун овоз берган, аммо сайловга оз қолганда рўйхат ўзгартирилиб, у 22-ўринга тушиб қолган, шундан кейин умуман рўйхатдан йўқолиб кетган.

«“Бутун Кыргызстан”га мендан кейин келган одамлар Марказий сайлов комиссиясига топширилувчи рўйхатни тузишган эди. Бунинг устига, у съездда овозга қўйилмаган рўйхат бўлиб чиққан», — деди у.

Бакир ўғлининг айтишича, партияга пул берганлар рўйхатда ундан олдида турган ўринларда жойлаштирилган.

«Улар қанча тўлашди деб сўрадим. Курсан Асанов: “Агай, хафа бўлманг, улар 200 минг доллардан беришди” деб жавоб берди. Мен 200 минг доллар бера олмайман. 10 минг доллар десанг дўст-қариндошлардан топиб берайин дедим. “Адахан мен эркакман гапимда тураман, паст ўринда бўлсам ҳам ишлаб бераман” деб чиқиб кетдим», — дейди Бакир ўғли.

Собиқ депутат партиянинг лидери Адахан Мадумаровдан номзодларнинг аввалги рўйхатини қайтаришни талаб қилмоқда, акс ҳолда судга ва МСКга мурожаат қилишини айтиб қўрқитди.

«Съездда менинг фамилиям №13 ўринда эди», — дейди собиқ депутат. Бакир ўғли унинг «Эркин Кыргызстан» партиясининг аъзолари «Бутун Кыргызстан»нинг рўйхатида бир қанча паст томонда жойлашганига ва уларнинг парламентга ўтиши гумонли эканидан норози бўлди.

Унга партиянинг номзодлари ҳам ёқмаган.

«Партияга жиноий ишлари бор одамлар, “чимкирик”лар қўшилмоқда деб Мадумаровга эслатганман. Халқнинг олдида қандай қилиб оқлаймиз деб сўрадим. Ҳалол одамларни олдик дейлик, аммо унда нима учун рўйхатда олигархлар, депутатлар ҳамда жиноий ишлари бор одамлар бор?» — дейди у. Турсунбай Бакир ўғли партиядошларидан уни ижтимоий тармоқларда қувғин қилмасликни илтимос қилди.

Адахан Мадумаров

«Бутун Кыргызстан» — парламентнинг собиқ спикери Адахан Мадумаровнинг партияси. Партия сайловга доимо қатнашиб келади. Бундан ташқари, Мадумаров ўзи ҳам президентлик сайловига ҳам қатнашган, аммо охирги сайловда  Сооронбай Жээнбековга енгилиб қолган.

Темир Сариев

Яқиндагина партия «Ак-Шумкар» партиясининг лидери Темир Сариев билан бирлашгани маълум қилинган. Аммо натижада Сариев «ўз принциплари боис» «Бутун Кыргызстан»дан кетганини айтган.

Омурбек Суваналиев

Партиянинг яна бир бошқа номзоди, «комиссар Каттани» деган лақаб билан танилган собиқ ички ишлар вазири Омурбек Суваналиев «ҳукуматнинг партиялари» билан келишмай қолган. У бундай сўз билан «Замандаш», «Биримдик», «Мекеним Кыргызстан» ва «Кыргызстан» партияларини айтган. Унинг айтишича, уларнинг ортида криминал авторитет Қамчи Колбаев туради. ИИҚ унга жавоб қилиб, у вазир бўлиб турганда криминал авторитет Риспек Акматбаев парламент сайловига қатнашиб, ютиб кетган деб эслатган.