Охирги суткада тўрт нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтиргани аниқланди

340

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усенов 26-августда хабар қилишича, охирги суткада Қирғизистонда тўрт нафар тиббиёт ходимида COVID-19 аниқланган.

Юқтиришнинг янги уч ҳолати Бишкекда, бир ҳолат эса Боткен вилоятида қайд этилган. Шунингдек уч нафар тиббиёт ходими соғайиб, касалхоналардан чиқарилди.

Тиббиёт ходимлари орасида коронавирус юқтиришнинг умумий ҳолати 3114га етди. Шифокорларнинг 2390 нафари эса соғайиб, 70 нафардан ортиқ бемор вафот этди.

Коронавирус юқтирган тиббиёт ходимлари 200 минг сом ва касалликдан вафот этган шифокорларнинг оиласи компенсация қатори миллион сом олишга ҳақли. Аммо компенсациянинг кимга берилишини махсус комиссия ҳал қилади.

Ҳозирга қадар соғлиқни сақлаш вазирлиги 40 нафар тиббиёт ҳодимига компенсация тўлангани ҳақида хабар қилган.

Расмий равишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 73 тиббиёт ходимининг ўлимини тасдиқлаган, аммо ўша пайтдан бери яна бир неча нафар шифокорлар вафот этди. «Клооп»нинг муқобил хотира рўйхатида 77 нафар киши бор.

Қирғизистонда пандемия бошлангандан бери COVID-19ни юқтириб олганларнинг сони 43 358 нафарга етди. 37217 нафар бемор соғайди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг статистикасига кўра 1058 нафар бемор вафот этган.