МСК «Кыргызстан» партиясига сайловга қатнашиш учун рухсат бермади

401

Марказий сайлов комиссияси 25-августдаги йиғинида «Кыргызстан» партиясига ҳужжатларини қайтариб бериш қарорини қабул қилди. Овоз беришнинг натижасида МСКнинг 8 аъзоси мазкур қарорни қўллаб, бир киши қарши бўлди.

Бунга қадар МСКнинг ишчи гуруҳи партиянинг ҳужжатларини расмий қабул қилинган вакилдан бошқа киши топширгани сабабли уни қайтариб беришни тавсия қилган.

Йиғинда «Кыргызстан» сиёсий партиясининг ҳужжатлари қабул олингани бўйича Марказий сайлов комиссиясидан тасдиқлама берилмагани айтилди.

Ўз навбатида «Кыргызстан» партиясининг лидери Канат Исаев МСКнинг бундай қарорига рози эмаслигини ҳамда судга мурожаат қилишини журналистларга билдирди.

«Мазкур қарор бизни жуда афсуслантиради. Сайлов жараёнларида қонун бузарлик фактлари бўлиб туради. Айримлари махсус қилинади, баъзи бирлари сезмасликдан бўлади. МСК қарор қабул қилишда сайлов процессига, халқнинг танловига қанчалик таъсир этади шуни ҳисобга олиб қарор қабул қилиши керак. Судга мурожаат қиламиз, адолат излаймиз», — деди у.

Бундан ташқари уларни техник муаммолар сабаб сайловдан четлатиш ҳаракати бўлаётганини қўшимча қилди. Шунингдек, ўзларининг ҳақ эканлигини қонуний йўл билангина исботлашини таъкидлади.

Исаев партиянинг номидан депутатликка номзод бўлганларнинг рўйхати нима учун кеч аниқланиб, МСКга берилганини шундай тушунтирди.

«Партиянинг қурултойи охирги кунда ўтди, ўшанда рўйхат ёпилган. Айрим номзодлар рўйхатда эгаллаган ўрнина мақул бўлмаган. Рўйхатга ўзгартириш киргизгани боис кечикиб қолди», — деди у.

Нима бўлди?

24-август тунида, «Реформа», «Бир бол» ҳамда «Ата Мекен» партиясидан сайловга отланган айрим номзодлар ва фуқаровий фаоллар МСК «Кыргызстан» партиясининг ҳужжатларини соат 18:00дан кейин қабул қилди деган баҳона билан муассасанинг олдига тўпланишган. Улар қонун бузган қайси бир партия бўлса ҳам уни сайловдан четлатишни талаб қилган. Марказий сайлов комиссияси «Кыргызстан» партиясининг атрофидаги можарони 24 соатнинг ичида махсус комиссия кўриб чиқади деб сўз берган.

25-августда беш партия - «Ата Мекен», «Бир Бол», «Ордо», «Реформа» ҳамда «Чон Казат» «Кыргызстан» партиясининг атрофидаги ишлар бўйича президентга мурожаат қилди. Улар бу факт бўйича судгача тергов амалларини бошлашни илтимос қилишган.

Қирғизистонда парламент сайлови  4-октябрга белгиланган. 24-августда Марказий сайлов комиссияси сайловга қатнашишни режалаштирган партияларнинг охирги ҳужжатларини қабул қилди ва уларни кўриб чиқиб, 4-сентябргача қайд этилади.

Дастлаб 44 сиёсий партия сайловга қатнашишини истаган. Аммо 24-августга қадар уларнинг сони 17га қадар қисқарган. МСК рўйхатга олган партияларнинг орасида «Кыргызстан» ҳам бор эди.