Шаҳар суди марҳум Асқаровнинг ҳукуматга қўйган даъво аризаси бўйича ишни қайта очмади

330

20 августда Бишкек шаҳар суди маъмурий суднинг қамоқхона шифохонасида вафот этган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг иши бўйича қарорини кучида қолдирди. Бу ҳақда «Бир Дуйно - Қирғизистон» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти хабар қилди.

Бишкекнинг маъмурий суди 12 июнда Асқаровнинг ҳукуматга қарши даъво аризаси бўйича ишни кўришни тўхтатган. Ҳукумат БМТнинг Инсон ҳақлари бўйича қўмитаси 2016 йилда чиқарилган қарорини бажармаган эди — унда Қўмита Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячисини қамоқдан дарҳол озод қилишга чақирган.

Суд даъвогар ва вазирлар кабинетининг ўртасида ҳеч қандай маъмурий алоқа бўлмагани сабабдан, ҳукумат жавобгар бўла олмайди деб иш бўйича ишни тўхтатган. Бундан ташқари, ҳукумат билан талаб мулк шаклида бўлмагани сабаб, шаҳар суди даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳуқуқ ҳимоячисининг турмуш ўртоғи Хадича Асқаровага беришдан бош тортди.

Адвокатлар бу ишда даъвогар қатори Асқаровнинг турмуш ўртоғини тайинлашни режалаштиришган, чунки тарафлардан бири вафот этиб қолган ҳолати Административ-процесс кодексида кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячисининг вафот этгани сабабли шаҳар суди Асқаровнинг манфаатларини ҳимоя қилишдан унинг адвокатларидан бири бош тортган. .

«Бир Дуйно — Қирғизистон» ташкилотининг ҳуқуқ ҳимоячилари Бишкек шаҳар судининг қарорига шикоят қилиш учун Олий судга мурожаат қилишга қарор қилишган, чунки «инсон вафот этган ҳолатда ҳам адвокатлар уни ҳимоя қилишни давом эттира олишади».

Асқаровнинг ўлими

Умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 25 июлда 47-колонияда вафот этди. У ерга Асқаровни тиббий кўрик учун кўчиришган эди. У 10 йил қамоқда ўтирди.

Унинг адвокати Валерян Вахитов ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бир неча бор Асқаровнинг соғлиги ёмонлашиб кетганини бир неча бор билдириб, уни озод қилишни талаб қилишган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлеқан Исмаилова эса 28 июлда марҳум Асқаровнинг жасадини текширишнинг натижаси чиққани билдирган. Тиббий хулосада Асқаровнинг ўлимига икки тарафли зотилжам келтириб чиқарган ўткир нафас етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилади.

Бу муддат давомида Жазоларни ижро этиш давлат хизмати ҳуқуқ ҳимоячисининг аҳволи ёмонлашгани ҳақидаги маълумотни инкор қилиб, «бари назоратда» деб қатъий туриб олган. Асқаров вафот этиб қолгандан кейин эса ЖИДХ билдирув тарқатиб, ҳуқуқ ҳимоячиси пневмония бўлганини, марҳум эса стационарда даволанишдан бош тортиб туриб олган деб билдирган.

ЖИДХ Асқаровнинг жасадини қариндошларига 27 июлда ўтказиб берган. Аммо унинг жасади Тошкентда 31 июлда дафн қилинган. Асқаровнинг оиласи Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ТИВлари унинг жасадини етказиш бўйича процедураларнинг барини якунига етказилишини беш кун кутишган.

Халқаро икки йирик ташкилот — Европа иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳақлари бўйича қўмитаси қирғиз ҳукуматига ҳуқуқ ҳимоячиси ўлимининг вазиятини текшириш илтимоси билан мурожаат қилишди.

Азимжон Асқаров - Қирғизистон жанубидаги милиция томонидан амалга оширилган қийноқлар бўйича суриштирувлари орқали танилган ҳуқуқ ҳимоячиси.

У 2010- йилнинг 15 июнида Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низо пайтида ҳибсга олинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси «оммавий тартибсизликларни уюштириш», «этник низоларни қўзғаш» ва «милиция ходимини ўлдиришда иштирок этиш»да айбланган.

2010 йил 15 сентябрда суд Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, аммо у айбини тан олмаган.