Таниқли теолог Қодир Маликов Қирғизистон муфтийининг ўринбосари этиб 21-августда тайинланди. Бу ҳақда муфтиятнинг матбуот хизмати маълум қилди.
«Тегишли буйруққа муфтий Максатбек ҳожи Токтомушев қўл қўйди. У Қодир ҳожи Маликовни кенг жамоатчиликка таништириб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилаб, ходимлар ва вилоят қозиятлари билан яқиндан ишлаш кераклигини топширди», — деб ёзилади билдирувда.
Қадир Маликов 48 ёшда. У 2005-йили Испанияда «Complutense de Madrid» университетининг махсус курсида билимини ошириб, икки йилдан кейин Испаниянинг «Autonoma» унвиверситетидан докторлик даражага эга бўлган.
Маликов 2017-йилдан бошлаб Қирғизистон мусулмонларининг Олимлар кенгаши аъзоси, президентнинг экспертлар кенгаши аъзоси, «Дин, ҳуқуқ ва сиёсат» мустақил таҳлилий тадқиқот маркази директори бўлиб ишлаб келган.
Бунга қадар муфтийнинг ўринбосари бўлиб 2017-йилдан бери Замир Ракиев ишлаган. У 10- августда Бишкек шаҳрининг қозиси бўлиб тайинланган.