Қозоғистонда 25 йил қулликда юрган қирғизистонлик аёл юртига қайтди 

379

Элмира Корчиева 18-августда оиласига қайтиб келди. У Қозоғистонда 25 йил меҳнат қуллигида юрган ва юртига келиш учун ҳужжатлари йўқ бўлган. Бу ҳақда Turmush нашри хабар қилди. 

Корчиева оиласи билан Қант шаҳридаги «Ак-Тилек» постида учрашди. Учрашувни ташкиллаштиришга Қирғизистондаги Қизил ярим ой жамиятининг Оилавий алоқаларни қайта тиклаш хизмати ёрдам берди.

2020-йилнинг апрель ойида Корчиеванинг ўғли Қизил ярим ой жамиятининг Иссиқкўл вилоятидаги вакиллигига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ташкилот архивдан  Корчиева ҳақида маълумотларни топиб, ҳужжатларини тайёрлаб берган. 

Шундан кейин Қозоғистондаги қирғиз диаспораси билан Алматидаги бош консулликнинг кўмаги билан Корчиева ҳужжатларни олиб чегарадан ўтган. 

Корчиевани бошқа одамни қидириб юрган Қозоғистоннинг полиция ходимлари кўриб қолган. У полицияга  «иш берувчи-хўжайинлари» уни бошқа одамларга ишлаш учун бераётганини айтиб берган. Полициянингходимлари Иссиқкўл вилоятининг  Ақ-Суу туман ИИБига сўров жўнатиб, унинг қариндошларини топишган. 

Turmush нашри Корчиева 25 йил аввал Қозоғистонга ишлгани кетгандан кейин у билан алоқа узилиб қолганини ёзди. Қирғизистонда унинг турмуш ўртоғи билан уч фарзанди қолган. 

Қозоғистондаги қулчилик 

Бу қирғизистонликларнинг ҳужжати йўқлиги сабаб қўшни мамлакатда меҳнат қуллигига дучор бўлган биринчи ҳолат эмас. 2015-йилнинг июль ойида Қозоғистоннинг «Новый регион» газетаси икки полиция ходимининг қўл остида «овқат учун» ишлаб юрган  Владимир Евдошенко ҳақида ёзиб чиққан. 

Нашрнинг маълумоти бўйича, Евдошенко бир неча марта қочиб кетишга ҳаракат қилган, аммо полиция наряди кузатиб турган. Владимир «хўжайинларидан» қочиб кетгандан кейин полицияга ариза ёзган, шундан кейин прокуратурага хат жўнатилган. Воқеа Қозоғистоннинг қайси шаҳрида бўлганини газета очиқламаган.  

Ўшанда Қозоғистондаги қирғиз меҳнат муҳожирларининг аҳволи ҳақида суриштирув ўтказган журналист Улугбек Бабакулов Kloop.kgга берган интервьюсида Евдошенко ҳужжатларини тўлиқ тиклаб, Қирғизистонга қайтиб келишгагина умид қила олишини айтган. 

У қўшимча қилганидек, унинг суриштирувидан кейин Қозоғистон билан Қирғизистон ҳукуматлари меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича келишувга қўл қўйишган. Аммо қонуннинг ишлаши учун муҳожирлар ишлаш рухсатини олиши зарур. 

Қирғизистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги 2015-йилнинг июнида Алматидаги қирғиз консуллигининг ходимлари далада «мажбурлаб ишлатиш» учун «ноқонуний олиниб борилган» 17 нафар қирғизистонликни топганини билдирган. 

2012-йилнинг октябрида Қирғизистоннинг Алматидаги бош консуллигининг ходимлари милиционерлар билан биргаликда меҳмонхоналарнинг бирида жинсий хизмат кўрсатиш учун куч билан ушлаб турилган қирғизистонлик қизларни топишган. Одам сотиш, қулчилик ҳамда сексуал эксплуатация факти бўйича жиноят иши қўзғалган.