Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 10-августда Бош вазир Кубатбек Боронов билан онлайн-кенгаш ўтказиб, у билан ҳозирги эпидемиологик вазиятни ва COVID-19нинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.
Боронов президентга сўнгги кунлари «коронавирус инфекциясини юқтирганларнинг ва ўлим ҳоллари камайганини» айтди. Унинг айтишича, эпидемиологик вазиятни назорат қилиб туриш ҳамда мамлакатда COVID-19 кенг тарқалишининг олдини олиш топширмаси қўйилган маҳаллий ҳукуматларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли шундай натиажаларга эришилган.
Жээнбеков мамлакатда вазият яхшиланишига қарамай, ишни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Унга кўра, ҳукумат иккинчи тўлқин учун тайёргарликни бошлаши керак. Олимларнинг тахмин қилишича, иккинчи тўлқин 2020-йилнинг кузида бошланиши мумкин.
«Дори-дармонлар билан таъминлаш масаласи ҳукуматнинг доимий назоратида бўлиши керак, чунки вазият кутилмаганда ўсиб кетиши мумкин. Ўтган ойларда кузатилган дори-дармонларнинг танқислиги биз учун сабоқ бўлиши керак», — деди у.
Жээнбеков биринчи тўлқин пайтида асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кўтарилишини таҳлил қилиб, уни доимий равишда назорат қилиш зарурлигини эслатиб ўтди.
«Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кўтарилишини таҳлил қилиб, уларнинг нархини доимий назорат қилиб туриш керак. Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини сунъий равишда ортирилишига йўл қўймаслигингизни сўрайман», — деди Жээнбеков.
Президент ҳукумат тиббиёт ходимларига иш ҳақларини ва компенсацияларни ўз вақтида тўлаб туриши кераклигини айтди.
Коронавируснинг Қирғизистонда тарқалиши
Коронавируснинг мамлакатда биринчи ҳолатлари 2020-йилнинг март ойида аниқлана бошлаган. Ҳукумат ўшанда чегараларни ёпиб, мамлакатга қайтаётган қирғиз фуқароларига нисбатан назоратни кучайтирган.
Ҳукумат йирик шаҳарларда фавқулодда ҳолат режимини эълон қилиб, фуқароларнинг ҳаракатланишини чеклаган. Бундай қадамлар мамлакатда инфекция юқтиришнинг ҳолатлари оз бўлган вақтда ташланган.
Мамлакат бундай режимда бир ярим ой яшаган. Май ойида, вирусни юқтириш ҳоллари камайганда, расмийлар чекловларни олиб ташладилар. Бу коронавируснинг кўпайишига олиб келиб, июнь охирига келиб, Бишкекнинг барча касалхоналари беморлар тўлган.
Қирғиз ҳукуматида тайёргарлик кўриш учун бир ойдан кўп вақт бўлганига қарамай, коронавирус юққанлар сонининг ўсишига ҳукумат тайёр эмас бўлиб чиқди. Касалхоналарда тиббий кадрлар етишмаслиги сабабли, мамлакатнинг барча шифокорлари кучи борича ишламоқда. Бундан ташқари тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар ҳам танқис бўлган.
Коронавирус пандемиясига қарша курашда шифокорларга ёрдам бериш мақсадида кўнгиллилар ва беътибор бўлмаган фуқаролар бирика бошлашган. Улар беморлар учун кундузги касалхоналар очиб, беморларга кўчадаёқ ёрдам бериб, тиббий дори-дармонларга ва жиҳозлар учун пул йиғишган.
Июлнинг охирига яқин вазият барқарорлашиб, касалхоналарда бўш ўринлар пайдо бўла бошлаган. Коронавирусга чалинганларнинг статистикаси ҳам, бир суткада касалхонадан вафот этган беморларнинг сони ҳам озайган.
11 августга келиб, мамлакатда 40 455 та коронавирус ҳолати қайд этилган. Уларнинг ичидан касалликдан 1478 нафар бемор вафот этиб, 32 764 нафар киши соғайган.