Балбак Тулўбаев ҳукуматнинг Иссиқкўлдаги мухтор вакили бўлиб тайинланди

329

Ҳукумат етакчиси Кубатбек Бороновнинг буйруғига кўра, Балбак Тулўбаев 27 июлда ҳукуматнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили бўлиб тайинланди.

Иссиқкўл вилоятининг аввалги етакчиси Ақилбек Осмоналиев ҳукумат аппарат етакчисининг биринчи ўринбосари хизматига ўтказилди.

Балбак Тулўбаев 2018 йилнинг август ойидан бери Бишкек шаҳри мериясининг аппарат бошчиси бўлиб меҳнат қилиб келган. Бунга қадар «АЮ Гранд Комфорт» савдо марказининг бош директори сифатида ишлаган. Ўша вақтда «АЮ Холдинг» кўп тармоқли компаниясининг директорлар кенгашининг аъзоси ва вице-президенти бўлиб меҳнат қилган.

У 1972 йили 21 сентябрда Иссиқкўл вилоятининг Тонг туманидаги Кўл-Тўр қишлоғида туғилган. Тулўбаев Бишкекдаги Скрябин номидаги қирғиз қишлоқ хўжалик институтининг ветеринар факультетини тугатган. Шундан кейин 1992-1997 йиллари Туркиянинг Истанбул университетининг ўрмон хўжалиги факультетидан ўрмон хўжалиги инженери мутахассислиги бўйича таълим олган.

Шунингдек, 2001 йили Скрябин номидаги қирғиз аграр университетининг Инженер-эколог мутахассислигини якунлаган. 2009 йили эса ҚР президентининг қошидаги бошқарув академиясидан менежмент йўналиши бўйича билимини оширган.