Атамбаевнинг адвокати собиқ президентнинг соғлиги ёмон эканини хабар қилди

485

Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев фейсбук саҳифасида мижози аҳволи ёмонлашгани сабаб касалхонага ётқизилиши кераклигини, у пневмония бўлганини ва қон босими пастлигини ёзди. Миллий хавфсизлик хизмати Атамбаевнинг соғлиғи ҳақидаги хабарларни рад этиб, у туну кун тиббий назорат остида эканлигини айтмоқда.

«Унинг соғлигига путур етказишди»

«Алмазбек Атамбаев манфаатдор шахслар уни МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида ҳибсга олиб, унинг соғлиғига путур етказишганини бир неча бор айтган», - деб ёзади Жоошев.

Унинг айтишича, Атамбаевнинг қон босими паст, шу сабаб собиқ президентнинг ички органлари ишламай қолиши мумкин. Адвокат собиқ президентга шифохонада тўлиқ даволанишга имкон беришмаётганини айтмоқда.

«Миллий госпиталда уни икки томонлама пневмониядан атиги бир ҳафтадагина даволашди. Шундан кейин тезда қайта ТИЗОга ўтказишди. Бундай шошилинч биргина собиқ президентни эмас, шифокорларни ҳам хайрон қолдирди», — деб билдиради адвокат.

Бундан ташқари, Жоошевнинг айтишича, Атамбаевнинг камерасидаги шароит касал одам учун мос эмас. Адвокат камеранинг ичи жуда дам, чироқлар ўчирилмаган ва эшик ортида ҳар доим шовқин-сурон бор эканини айтди.

 «Соғлиғидан шикоятлар йўқ»

МХДҚдан Жоошевнинг камерадаги шароитлари ва Атамбаев соғлигининг ёмонлашиши бўйича гапларини инкор қилишди. Улар собиқ президентда ҳеч қандай шикоятлар йўқ эканини билдиришди.

«У ҳибс шароитларига ва соғлиғидан шикоят қилгани йўқ. Адвокатлар иши терговдаги одамга тез-тез келиб туришади. Қариндошлари билан учрашувлар тақиқланмаган», — деб таъкидланди МХДҚдан.