Ўшда моргдан эрининг майитини сотиб олган турғунга пули қайтарилди

515
Хулкар Исамовага қайтариб берилган пуллар. Сурат: Исамованинг фейсбук саҳифасидан олинди

Ўш шаҳрининг турғуни, мустақил журналист Хулкар Исамовага вафот этган турмуш ўртоғининг майитини олиш учун берган пулини ўликхонадан қайтариб беришди. Бу ҳақда Исамова Фейcбукдаги саҳифасида билдирди.

«Турмуш ўртоғимнинг ҳамкасбларига ва ҳақиқий офицерларга миннатдорчилик билдираман. Улар менинг морг ҳақида ёзган фейcбукдаги постимга тезкор муносабат билдиришди. Милициянинг ва терговчиларнинг олдида мендан узр сўраб, олган пулларини қайтариб беришди», — деб ёзади Исамова.

Шунингдек, мустақил журналист қайтарилган пуллар хайрия учун сарфланишини таъкидлади. Бундан ташқари, Исамова ҳеч кимга даъвоси йўқлигини айтиб, ариза ёзишдан бош тортганини билдиради.

Исамова фейсбук саҳифасига юклаган суратда 9000 сом миқдоридаги пул қайтарилганини кўриш мумкин. Унинг ўғли ўликхонага умумий ҳисоб билан 13000 сом пул берган.

«Қолган пулларга биз ўзимиз рози бўлдик. Чунки санитарлар кафанлаб беришди. Уларнинг бу хизмати учун шундоқ ҳам пул берар эдик», — деб билдирди «Клооп»га Исамова.

Коронавирус юқтириб вафот этган инспектор

20 июлда Исамова ўзининг Фейcбукдаги саҳифасида коронавирус инфекциясидан вафот этган турмуш ўртоғининг жасадини ўғли ўликхонадан сотиб олганини ёзган. Исамованинг сўзларига кўра, моргнинг ходимлари марҳумнинг танасига пичоқ теккизмаслик учун 20 минг сом талаб қилишган. Аммо ўғли улар билан келишиб, 10 минг сом тўлаган. Бундан ташқари ўғли санитарларга 3000 сом берганини ёзган.

Ўшдаги ўликхона етакчиси Нуркамал Даминов пул тамагирлиги бўйича хабари йўқлигини, аммо хизмат текшируви ўтказилишини билдирган. Шунингдек, у бундай вазиятларда унга мурожаат қилиш кераклигини таъкидлаган.

Хулкар Исамованинг турмуш ўртоғи, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармасининг катта инспектори, милиция капитани Улуғбек Умаров 9 июлда вафот этган. Эр-хотин COVID-19 юқтириб олиб касалхонада даволанаётган вақтда Умаров дунёдан кўз юмди.

23 июлга келиб, Қирғизистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 30126 кишига етди. Коронавирусга чалинган беморларнинг 16791 нафари соғайиб, 1 169 киши вафот этди. Ҳозирда 13 201 нафар бемор касалхоналарда даволанмоқда.