Қирғизистонда охирги суткада 488 кишида коронавирус аниқланди. Мамлакатда COVID-19 юқтирганларнинг умумий сони 11117га етди

331

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, охирги суткада республикада коронавируснинг янги 488 ҳолати қайд этилган. Жамоат соғлиқни сақлаш бошқармасининг етакчиси Айнура Акматованинг таъкидлашича, статистика мамлакатдаги хусусий лабораторияларда ўтказилган тест натижаларини ҳам ҳисобга олади.

Коронавируснинг янги аниқланган ҳолатнинг энг кўпи аввалгидек Бишкек шаҳрида аниқланган – 265 ҳолат. Шунингдек Жалолобод вилоятида — 51, Ўш шаҳрида — 45, Боткен вилоятида — 43, Чуй вилоятида — 37, Иссиқкўл вилоятида — 15, Ўш вилоятида — 26, Норин вилоятида — 4, Талас вилоятида — 2 киши коронавирусга чалинди. Касални юқтириб олганларнинг орасида 125 нафар тиббиёт ходими бор.

Бундан ташқари ўтган сутка ичида COVID-19 юқтирган 73 нафар бемор соғайиб, касалхоналардан чиқарилди — уларнинг саккиз нафари тиббиёт ходими. Шунингдек касаллик 15 беморнинг ўлимига сабаб бўлди.

Жами бўлиб Қирғизистонда коронавирус юқтириб олган фуқароларнинг сони 11 117га етди. Касални юқтириб олганларнинг орасида 1781 нафар тиббиёт ходими бор.

Ҳудудлар бўйича: Бишкек шаҳрида — 5106, Чуй вилоятида — 1965, Ўш шаҳрида — 1054, Ўш вилоятида — 693, Норин вилоятида — 652, Жалолободда — 642, Иссиқкўл вилоятида — 337, Боткен вилоятида — 334, Талас вилоятида — 94.

Бундан ташқари Россиядан келган 240 нафар қирғизистонликлардан коронавирус аниқланган.

Бугунги кунда касалхоналарда 668 киши даволанмоқда. Уларнинг ичида 121 нафар бемор оғир аҳволда, унинг 21 нафари касалхонанинг жонлантириш бўлимида.