Собиқ муфтий Чубак ҳожи Жалилов вафот этди

Чубак ҳожи Жалилов

Собиқ муфтий, таниқли диний олим Чубак ҳожи Жалилов 45 ёшда дунёдан ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра Жалилов пневмонияга чалиниб уй шароитида даволанаётган эди. 11 июлга ўтар кечаси аҳволи оғирлашиб Миллий госпиталга етказилган.

«Азаттык» радиосига госпиталдаги шифокорлар Жалилов «нафас олдирувчи аппаратингларни эртароқ улайсизларми» деб илтимос қилганини билдиришган. Унга дарҳол икки кислород концентратори уланган. Аммо у бир соатдан кейин вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда, Жалиловнинг жанозаси у туғилиб ўсган Жалолобод вилоятидаги Бозорқўрғон туманининг Баймундуз қишлоғида 11 июлда соат тахминан 16:00-18:00ларда ўтиши маълум қилинди.

Жалиловнинг ота-онаси ўқитувчи бўлган. У олти ака-укаларнинг иккинчиси. Чубак ҳожи Жалилов 1992-1996 йилларда Ҳазрати Умар номидаги Қирғизистон Ислом университетида, 2000-2002 йиллари Саудия Арабистонидаги «Умм ал-Қуро» халқаро университетининг араб тили институтида таҳсил олган.

Жалилов ўз иш фаолиятини 1995-1998 йиллари Жусуп Баласағин номидаги қирғиз миллий университетининг Шарқшунослик факультетида араб тили ўқитувчиси сифатида бошлаган. 2005-2007 йиллари Бутунжаҳон Ислом лигасининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси, 2008-2010 йиллари Қирғизистон мусулмонларининг дин бошқармасида фатво бўлимининг мудири ва айни йилларда Ҳазрати Умар номидаги Қирғизистон Ислом университетида ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Чубак ҳожи Жалилов собиқ муфтий Маратаали ҳожи Жуманов вафот этгандан кейин 2010 йили июль ойида Уламолар кенгашининг қарори билан сайланган. 2021 йили бу хизматдан ўз истаги билан кетган.

16 июнда эса Олимлар кенгашининг аъзолигидан чиққан. Бу хабар жамоатчиликда Жалилов сайловга қатнашиши мумкин деб тахмин қилган.

Мамлакатда коронавирус ва пневмониянинг кескин тарқалиб касалхоналар тўлиб қолганидан бир неча кун аввал Жалилов унга қарашли масжидни обсервация ёки вақтинчалик касалхона уюштириш учун беришга тайёр эканини билдирган.

Жалилов Қуръон оятларини ва ҳадисларни тафсир қилиб, халққа оддий тил билан баён қилиб берган. Унинг фатво чиқаришга ҳам рухсати бор эди. Унга мусулмонлар шариатдан ташқари кунлик ҳаётий масалалар билан мурожаат қилиб туришар эди. Унинг йиғинлари, мажлислари минглаган аудиторияни тўплаб келган.

Чубак ҳожининг ютубдаги «Насаат медиа» каналининг ўзида 600 мингдан ортиқ обуначиси бор. Унинг фейсбукдаги саҳифасига 58 минг нафарга яқин киши ёзилган.

Коронавирус пандемиясидан ташқари июнь ойининг ўрталаридан бошлаб пневмония ҳам кескинлашиб кетди. 10 июлга келиб Covid-19 инфекцияси 122, пневмония 350 кишининг ўлимига сабаб бўлди.