Бир суткада яна 73 тиббиёт ходимидан коронавирус топилди

318

Республика штаби 3-июлга келиб Қирғизистонда бир суткада коронавирус яна 73 нафар тиббиёт ходимидан аниқланганини хабар қилди. Йигирма нафар шифокор эса ўпка касалидан соғайиб, уйларига чиқарилди.

Бишкек шаҳридан — 32, Чуй вилоятидан — 20, Ўш вилояти ва Ўш шаҳридан — етти нафардан, Боткен ҳамда Жалолобод вилоятларидан — уч нафардан ва Иссиқкўл вилоятидан бир шифокордан коронавирус аниқланган.

Шу билан коронавирус юқтирган тиббиёт ходимларининг умумий сони 994га етиб, уларнинг 484 нафари ўпка касалидан соғайган. Беш тиббиёт ходими коронавирусдан вафот этди.

30-июнда Ички ишлар вазирлигининг тиббиёт марказининг Ўш шаҳри ва Ўш вилояти бўйича ординатор-врачи Жамал Тазабекова вафот этди. Аввалроқ Бишкекдаги №3 Оилавий тиббиёт марказининг оилавий шифокорлар гуруҳининг етакчиси Жузумкан Кокумбаева, Ўш вилоятининг Қора-Қулжа туманининг оилавий тиббиёт марказининг фтизиатри Альберт Исмаилов вафот этишган.

2-июлда Новқат туманида 70 ёшдаги терапевт Орозали Абдухалимов вафот этган. У коронавирус юқтириб олганига қарамай ўлимига «инфаркт» сабаб бўлгани айтилди. Шунингдек 2-июлга ўтар кечаси мазкур туманнинг Барин қишлоғидаги Оилавий шифокорлар гуруҳининг ҳамшираси вафот этган.

Коронавирусга қарши курашаётган вақтда касаллик юқтириб олган тиббиёт ходимларига ҳукумат 200 минг сом кмопенсация тўлайди, вафот этган тиббиёт ходимларининг оиласига берилувчи компенсациянинг қиймати 1 млн сом. Товон тўлашдан аввал Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қошидаги комиссия инфекция юқтириб олган тиббиёт ходимларининг ҳар бир ҳолатини ўрганиб чиқади.