COVID-19: Соғлиқ вазирлиги касалхоналарда ўрин етишмаётганини тан олди

32

30 июнда ўтган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Мадамин Каратаев Бишкек ва Ўшдаги касалхоналарда бемор учун ўринлар етарсиз эканини билдирди.

«Бугунги кундаги энг асосий муаммолардан бири бу ўринларнинг етишмаслиги, асосан, Бишкек ва Ўшда. Пневмония бўлган ўта оғир аҳволдаги одамларнинг сони тез ўсиб кетди», - деб билдирди Каратаев.

Шунингдек у мамлакатдаги эпидемиологик вазият оғирлигича қолаётганини, охирги ўн кундан бери эса коронавирус тасдиқланган ҳамда пневмония билан хасталанганларнинг сони тез ўсиб кетганини қўшимча қилди. Шу сабабдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморлар учун қўшимча ўринларни уюштириш қарорини қабул қилган.

Ҳукумат — ўринлар етарли, шифокорлар — етарсиз

Бунга қадар ҳукумат коронавирус юқтириб олганлар билан пневмония бўлганлар учун қўшимча ўринларни тайёрлаганини билдирган. Ҳукуматнинг пресс-релизида «беморлар учун ўрин етарли» деб айтилган.

Ҳукуматнинг барча ерда ўринлар етарли деган билдирувини Курортология институтининг директори Марат Сагинбаев дарҳол инкор қилди. Ҳукумат у ерда қўшимча 120 ўрин тайёрланганини кўрсатган эди.

Унинг айтишича, институтда 120 койкани олти бўлимга зўрға сиғдириш мумкин бўлган.

«Барча ўрин банд. Кимдир хусусий клиникага кетса, биз унинг ўрнига дарҳол бошқасини чақирамиз. ССВ буни бир кунда икки марта текшириб туради. Биздаги койкалар бўш ётмайди. Бизга одамлар оғир аҳволда келишади, ўрта ва енгил аҳволда келганлар аслида йўқ», — деди у.

ССВнинг буйруғи бўйича №1 шаҳар клиник касалхонасига 27 июнда пневмония билан касалланганлар учун 80 койка бўлиниб берилган. Аммо тунда у ерга 90 бемор олиниб келинган, айримларининг мажбуран коридорга ётқизишган.

Шифокорлардан бири интервьюда деярлик барча беморлар оғир аҳволда эканини айтган.

Расмий маълумотлар бўйича, Қирғизистонда 30 июнга келиб коронавирусга чалинганларнинг сони 5296 кишига етди. Шунингдек стационарларда 721 киши ётибди, 23 нафари — реанимацияда. Пневмония билан хасталанганларнинг сони кескин ўсиб кетгани сабабли касалхоналарга қаттиқ куч келмоқда.