Атамбаев «пневмония» ташхиси билан қамоқдан касалхонага ўтказилди

396

Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси 30 июнда тергов қамоғида ўтирган собиқ президент Алмазбек Атамбаевга «икки тарафли пневмония» ташхиси қўйилганини билдирди.

Атамбаев даволаниш учун МХДҚнинг қамоғидан касалхонага ўтказилди. Бундай қарорни шифокорлар онлайн турда ўтказилган консилиумда қабул қилган.

Собиқ президент бундан бир кун аввал соғлигидан шикоят қилиб, коронавирусга таҳлил топширган. Аммо ундан COVID-19 аниқланмаган, ўпкаси икки тарафидан яллиғлангани кўрсатилган.

Атамбаевнинг адвокатларидан бири Виктор Слесерав «Азаттык» нашрига мижози касалхонага ўтказилганини тасдиқлаган, аммо қайси касалхонага ўтказилгани ҳақида бехабар эканини айтган.

МХДҚ тарқатган пресс-релизда вируснинг айрим белгилари кузатилган Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев Иссиқ-ота ҳудудий касалхонасида COVID-19 вирусидан даволанаётган қариндоши билан алоқада бўлган деб ёзилган.

Шунингдек Атамбаев оқловчиси ва қариндошлари билан бир неча бор учрашиб, қоғоз ва буюмларни олгани таъкидланган. Мақола эълон қилиниши арафасида Жоошевдан ҳамда унинг яқинларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

МХДҚнинг тергов қамоғи одатий тартибда ишламоқда. Идоранинг ходимлари эса коронавирусга таҳлил топшириб, аммо улардан коронавирус аниқланмаган.

Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев бунга қадар мижозининг соғлиги ёмонлашаётганини бир неча бор айтиб чиққан. У МХДҚ Атамбаевнинг соғлиги ҳақидаги маълумотни яшираётганини тахмин қилган. Шунга қарамай идора собиқ давлат раҳбарининг соғлиги қаноатланарли эканини таъкидлаган.

Бир ҳафта аввал собиқ президент Алмазбек Атамбаевни Биринчи май туман суди 11 йилу 2 ойга озодликдан ажратиш билан унинг мулкини мусодара қилиб, давлат мукофотларидан ажратиш ҳукмини чиқарган. У криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиб юборганлиги учун айбдор деб топилган. Атамбаев ўзи суд йиғинида охирги сўз айтишдан бош тортган ва суд жараёни ёпиқ ўтган.

Бундан ташқари, унга Қўй-Тош воқеаси бўйича «Оммавий тартибсизликларни уюштириш», «Одамларни гаровга олиш», «Одам ўлдириш» моддалари бўйича жиноий ишлар қўзғалган.