Қирғизистонда коронавирусдан бир суткада уч бемор вафот этди - умумий 50 ҳолат қайд этилди

27

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 29 июндаги брифингда коронавирус юқтирган яна уч бемор вафот этганини билдирди.

Усонбаевнинг айтишича, вафот этган беморлардан бири 54 ёшда бўлган. У Республика юқумли касалликлар шифохонасига 24 июнда икки тарафли пневмония ташхиси билан ётқизилган. Шунингдек, марҳум бундан ташқари сурункали юрак хасталигидан ва қон босимидан жабр кўриб юрган.

Вафот этган иккинчи бемор эса Ўш шаҳридаги касалхонага оғир аҳволда 26 июнда мурожаат қилган. 67 ёшдаги марҳум касалхонага мурожаат қилишдан аввал уй шароитида бир неча кун гриппга қарши дориларни ичиб юрган, аммо тана ҳарорати тушмагандан кейингина касалхонага келган.

«Учинчи вафот этган бемор Қорасув туманининг 1959 йили туғилган турғуни. У Ўш давлат университетининг клиникасига 25 июнда оғир аҳволда икки тарафли пневмония ташхиси билан тушган. Бундан ташқари сурункали юрак хасталиги ва анемияси бўлган. Уч бемор ҳам касалхоналарнинг жонлантириш бўлимида шифокорларнинг ҳаракатларига қарамай вафот этган», — деди Усонбаев.

Шу билан COVID-19дан вафот этган беморларнинг сони 50 нафарга етди, уларнинг орасида икки тиббиёт ходими ва бир ўқитувчи бор. Қирғизистонда 29 июнга келиб коронавирус умумий 5017 кишига юқди. Унинг 2294 нафари соғайиб касалхонадан чиқарилди. Ҳозирда 716 киши даволанаётган бўлса, уларнинг 26си жонлантириш бўлимида.