Бишкекда пневмониядан 36 ёшдаги милиционер вафот этди

475

28 июнда кечга яқин Бишкек шаҳридаги Ленин туман ички ишлар бошқармасининг ходими, катта лейтенант Бердибай Элакунов вафот этди. У Бишкекдаги миллий госпиталда даволанаётган бўлган.

Элакунов вафот этганини «Клооп»га Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Айзада Кубатова тасдиқлади. Унинг айтишича, марҳум коронавирусни қандай қилиб юқтириб олгани муҳокама қилинмоқда.

Бишкек ШИИБининг ахборот хизматининг етакчиси улан Жумаков шифокорлар Элакуновга пневмония ташхисини қўйганлигини ва унда коронавирус бўлиб-бўлмаганини шифокорлар ҳозирча тасдиқламаганини айтади.

«Ҳозирча милиционернинг ўлимига нима сабаб бўлганини аниқ айта олмаймиз, биз фақатгина вафот этганинигина тасдиқлай оламиз», — деб тушунтирди Жумаков.

Бунга қадар Элакунов касалхонада видео орқали мурожаат қилиб, коронавирусдан эҳтиёт бўлишни огоҳлантирган эди.

«Йигитлар, эҳтиёт бўлинглар! Бу қўрқинчли касаллик, шу сабабдан юз ниқоби тақинглар. Бу ерда миллий госпиталда беморлар тўлиб кетди, қанчасини яна олишмаяпти. Шаҳарда хавфли бўлмоқда. Эҳтиёт бўлинглар!» — деган марҳум видеода.

Милициянинг катта лейтенанти Бердибай Элакунов 2015 йили Қирғиз давлат юридик академиясини тугатиб, 2019 йилнинг 29 майидан бошлаб Ленин туман ИИБнинг Криминал милиция хизматининг тезкор ходими бўлиб ишлаган.

Бунга қадар 27 июнда ИИВнинг Гиёҳвандларни ноқонуний сотилишига қарши курашиш хизматининг етакчиси Олег Заполский вафот этган. 39 ёшдаги Заполский 3-4 кун уй шароитида даволаниб, касалхонага келганда унга икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Аммо Заполскийнинг топширган таҳлилидан коронавирус тасдиқланмаган.

29 июнга келиб коронавируснинг янги 269 ҳолати қайд этилди, умумий — 5017га етди. Бишкек шаҳрида ўпка касалига 1915 киши чалиниб, унинг 896си соғайди. COVID-19дан эса пойтахтда олти киши вафот этди.