Лукашенко ўз қароргоҳининг ёнидан Бакиевга 70 сотих ер ажратиб берди

383

Белоруссиянинг Tut.by янгиликлар нашри мазкур мамлакатнинг президенти Александр Лукашенко Минск денгизидаги резиденциясининг ёнидан Қирғизистоннинг собиқ президенти Курманбек Бакиевга икки ер участкасини ажратиб берганини билдирди.

2020 йилнинг 17 мартида Бакиев умумий майдони 70 сотихдан ошиқ «умрбод мерос қилиб қолдириш мумкин бўлган» ер участкасини — президентнинг «Заславл-2» резиденциясидан узоқ бўлмаган ердаги 45 сотих ер майдонини ва унга яқин 25 сотих ер участкасини олган. Бу ҳақдаги маълумот Белорусдаги Кўчмас мулк умумий давлат қайдида эълон қилган.

Журналистларнинг маълумотига кўра, Бакиевнинг Минск шаҳридаги элита кичик туманида турар жойи мавжуд, бунга қадар у «Плавно» президент қароргоҳида яшаган, шундан кейин Минскдаги «Дрозди» элита туманига кўчиб келган. Унинг тўнғич ўғли Марат Раубичи элита қишлоғида яшайди. Максим эса Англиянинг Суррей округида беш миллион АҚШ долларини ташкил қилган турур жойда яшашни тўғри кўради.

Қирғиз президенти қандай қилиб Белоруссияда яшаб қолди?

Қурманбек Бакиев Қирғизистон тарихидаги қулатилган иккинчи президентга айланди. У мамлакатни атиги беш йил бошқариб, 2010 йили 7 апрелда ҳокимиятдан ажратилган. Тўнтариш пайтида, унинг буйруғи билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари намойишчиларга қарши қурол ишлатган. Унда ҳалок бўлганларнинг сони 80 нафардан ортган. Бакиевни клан бошқарувига, унинг оила аъзоларининг рақибларини ва журналистларни ўлдиришда ҳамда босим ўтказишда айблашган.

Унга, унинг ўғилларига ва акасига қарши жиноий иш қўзғатилиб, уларнинг баъзилари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ундан аввалги собиқ президент Асқар Ақаев 2005 йили хизматидан четлатилган. Ҳозирда Ақаев Россияда яшамоқда. Бакиев эса Белоруссиядан сиёсий бошпана олган.

2019 йилнинг ёзида Белоруссия президенти Александр Лукашенко билан президент Курманбек Бакиевнинг учрашуви муносабати билан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Белоруссия элчихонаси вакили Сергей Ивановга норозилик нотасини топширган.

6 августда Белоруссиянинг президенти Александр Лукашенко «дўсти ва ҳамкасбини» Қирғизистоннинг қочқин президенти Бакиевни 70 ёшга тўлиши билан табриклаган.

«Барчамиз сенинг туғилган кунингга келамиз. Сен қирғиз паловини бизга пишириб бера оласанми? Палов сендан, шароб биздан!» — деб Лукашенко Бакиевга мурожаат қилган.

Июнь ойининг бошида Қирғизистоннинг Бош прокуратураси Курманбек Бакиевни ва унинг шерикларини мажбурлаб мамлакатга қайтариш бўйича ишлар олиб борилаётганини хабар қилган. Бунга қадар, криминал авторитет Азиз Батукаевнинг бўшатилиши бўйича судланувчилар у Жаниш Бакиевга алмаштирилиши учун бўшатилганини айтишган.

Бакиев нима билан машғул?

Бакиев журналистларга турмуш ўртоғининг бўйнида ўтирганини ва ишсиз эканини айтганига қарамай, Белоруссиянинг оммавий ахборот воситалари буни инкор қилади.

Курманбек Бакиевнинг оиласини Минскнинг марказида йирик элита мажмуасининг қурилиши билан боғлашади. У Centropol деб аталади — унда казино, кўнгил очар марказ, ресторанлар ва барлар бўлади. Қурилишга 80 миллион долларга яқин маблағ сарфланган.

Шунингдек ОАВлар Белоруссия миллий биотехнологик корпорациясининг (БМБК) акционерларининг орасида Қирғизистоннинг собиқ президенти Курманбек Бакиев ҳамда унинг ўғиллари Марат билан Максим бўлиши мумкин деб ёзишган. Бакиевнинг жияни Асилбек Салиевнинг ҳам бу компаниядан 22,5 фоизлик улуши бор.

БМБКни Даниил Уриский бошқаради — Қирғизистоннинг собиқ бош вазири ва Бакиевнинг сафдоши Данияр Усонов исм-фамилиясини шундай қилиб ўзгартириб олгани айтилади.