Жалолободда бир ёшли қизини калтаклаган аёлга нисбатан милиция тергов бошлади

371

Жалолободда бир аёл эри билан телефон орқали тортишиб кетгандан сўнг бир ёшли қизини уриб юборди. Бу ҳақда «Клооп»га Жалолобод милицияси хабар қилди.

Милициянинг маълумотига кўра, аёл қизини калтаклаётганини видеога олиб, Россияда ишлаб юрган эрига юборган.

* Биз этика сабабларига кўра видеони сайтга чиқармасликка қарор қилдик.

«Отанг сени боқиш учун менга пул жўнатмаяпти, мен сени деб тиламчилик қила бошладим»,- дейди видеода чақалоқнинг онаси.

Милиция бу фактни «Қийноқ» моддаси бўйича ЖҚУРга рўйхатдан ўтказди. Тергов иши дастлабки тергов доирасида олиб борилмоқда.

Бош прокуратуранинг маълумоти бўйича, охирги беш йил ичида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайган. 2014 йилда 143та ҳолат қайд этилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 187тага етди. 2019 йилнинг 9 ойида эса зўравонлик ҳолатлари 255ни ташкил қилган. Бу мамлакатимизда болаларни калтаклаш, ўлдириш ва зўрлаш деярли кун ора қайд этилиб туришини англатади.

Нимага болалар ўз яқин одамлари тарафидан зўравонликка дучор бўлмоқда: Бунинг асосий сабаби — болаларни тарбиялашдаги нотўғри усулларни фойдаланиш ва одамларнинг бефарқлиги. ЮНИСEФнинг маълумоти бўйича ота-оналарнинг ва боқувчиларнинг 70 фоизи болаларига бақиради, 48 фоизи эса уриб-калтаклайди, айрим ҳолларда бу узоқ давом этади.

Психологларнинг айтишича, болаларнинг зўравонликка учраши — катта фожиа. Чунки ёшлигида хўрланган боладан кейин меҳр кутиб бўлмайди. У ўзи дучор бўлган зўравонлик муомаласини кейин ўша ота-онасига ёки болаларига қайтариши мумкин.