«Зўрлаш, масжидларда тартибсизликка чақириқ». Ўшдаги этник тўқнашув вақтида қандай фейклар тарқаган?

750

10 йил аввал — 2010 йилнинг 10 июнида — Ўш ва Жалолобод вилоятларида этник низо бўлган. Бугунги кунда жанжал 11 июнга ўтар кечаси «Алай» меҳмонхонасининг олдида қирғиз ва ўзбек миллатидаги ёшларнинг ўртасида чиққан уришдан бошлангани аниқланган.

Ёшларнинг уруши ўлим ва вайронагарчиликларга олиб келган тўрт кунлик этник низога айланган. Ўша пайтда одамлар орасида фейк маълумотлар тарқаган.

Июнь воқеаларини текшириш учун тузилган комиссия маълумотларига кўра, жанжал натижасида 400 нафардан ортиқ одам ўлдирилган, уларнинг қарийб 70 фоизи ўзбеклар бўлган. Норасмий маълумотларга кўра, ўлган фуқароларнинг сони бир неча бараварга кўп бўлган - 2000 нафардан ошган.

100 мингдан ошиқ одам Ўзбекистон ва Россияга қочишга мажбур бўлишган, айримлари шимолий Қирғизистонга қочишга мажбур бўлган. Ҳаммаси бўлиб, 2000 нафарга яқин уй вайрон бўлиб, зарарнинг қиймати 3,7 миллиард сомни ташкил қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари этник зиддиятлар натижасида 5000 дан ортиқ жиноий иш очган. Ушбу ишларнинг атиги 6,3 фоизинигина юзи очилган.

Ёлғон маълумотлар икки миллат ўртасидаги жанжалнинг янада кучайишига олиб келган. «Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази 2012 йили июнь воқеасидаги мифларни баён қилган ҳисоботни эълон қилган. Воқеаларнинг ўн йиллиги муносабати билан сизга учта энг кенг тарқалган мифларни айтиб берамиз.

Биринчи миф: «ЎшДУнинг талабалари зўрланди»

11 июнга ўтар кечаси «Алай» меҳмонхонасининг яқинидаги бинолар ҳам зарар кўрган. Уларнинг орасида Ўш давлат университетига қарашли талабалар ётоқхонаси ҳам бўлган - бинонинг деразалари тош билан синдирилган.

Ўша пайтда қирғиз миллатидаги турғунлар орасида ўзбекларнинг тўпи Ўш давлат университети ётоқхонасида бир нечта талабаларни ўлдириб, қирғиз қизини зўрлагани ҳақида миш-мишлар тарқала бошлаган. Кейинчалик бу маълумотга аниқлик киритилмаган, аммо ўша вақтда тажовузкор одамларнинг «Алай» меҳмонхонаси олдида тўпланишига туртки бўлган.

Бу миш-мишнинг бир нечта «версиялари» бўлган. Биринчиси битта қиз зўрлангани ҳақида хабар берган, иккинчиси 8 қиз зўрланиб, ўлдирилгани ҳақида хабар берган. Баъзи хабарларга кўра қизларнинг сони 300 нафарга етган.

«Мемориал» ташкилотининг ҳисоботида ёш йигитнинг зўрлашларда иштирок этгани ва бу ҳаракатлари учун 5000 сом олгани ҳақида ёзилган. Ташкилот 24. kg сайтидаги мақолага таянган. Аммо ушбу мақолани топишнинг иложи бўлмади.

Парламент аъзолари ва амалдорлар ҳам бу маълумотнинг ёлғон эканлигини «тасдиқлаган». «Мемориал»нинг ҳисоботида Муваққат ҳукумат етакчисининг собиқ ўринбосари,Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси Азимбек Бекназаров ётоқхонада зўрлашда айбланиб уч киши қўлга олинганини билдирган. Аммо кейинчалик у зўрлаш бўлмаганини айтган.

Ётоқхона олдида зўрлаш бўлмаганини Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Рисқул Бақибаев ва «Қилим шами» ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Азиза Абдирасулова ҳам тасдиқлаган. Ўш давлат университети ётоқхонасининг олдида жанжал чиққан,аммо талабалар вилоят маъмурияти олдидаги хавфсиз жойга эвакуация қилинган. Бақтибаев ўша ерда бўлган тўқнашувда Покистон фуқароси ўлдирилганини қўшимча қилган.

Бироқ, бу миш-мишлар «қасос» мақсадида қилинган зўрлашларга олиб келган. «Қилим шами» инсон ҳуқуқлари маркази 15 дан 60гача зўрлаш фактларини аниқлаган. Кўп ҳолларда жабрланувчилар ўзбек миллатидаги қизлар ва аёллар бўлган. Уларнинг ёш таркиби 5 ёшдан 72 ёшгача бўлган. Абдирасулованинг сўзларига кўра, бугунги кунгача содир этилган ўндан ортиқ зўрлаш фактларининг ҳеч бири тўлиқ текширилмаган.

Иккинчи миф: «Масжидлардан тартибсизликларга чорлаш»

Миллий комиссиянинг хулосасига кўра, жанжал чиққан кечаси «[сигнал] ракеталари чиқарилиб, тўртта масжид минораларида азон айтилган. Бу чақириқлардан кейин шаҳарнинг турли бурчакларида ва яқин атрофдаги қишлоқларда оммавий тартибсизликлар бошланган»

Миллий комиссия гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланиб, июнь воқеаси «олдиндан режалаштирилган» деган хулоса чиқарган. Ракета ва масжидларда айтилган азон«сепаратистлар» учун вайронагарчиликларни бошлаш учун сигнал бўлганлиги айтилади.

Аммо, «Мемориалнинг айтишича», давлат органларининг версиялари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари бир-бирига мос келмай қолган. Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси аксарият ҳолатларда ўзбек миллатидаги фуқаролар ҳудудлардан тўрт овоз чиқарувчи ракета фойдаланган деб маълум қилган.Прокуратура ўз ҳисоботида иккита ракета ҳақида хабар берган, парламент комиссияси эса вилоят кутубхонаси томонидан бир ракета чиқарилган деб хабар қилган.

Гувоҳлар «кўчага чиқиш» чақириқларини турли вақтда эшитишганини айтишган.Масалан, Фурқат қишлоғида яшовчи бир киши масжиддаги азонни тунги соат бирларда айтилган деб билдирган. Унинг уч ҳамқишлоғи азон соат иккида айтилганини хабар қилган.

Икки аёл Ўш районида жойлашган масжиддан азон ва «кўчага чиқиш» чақириқлари соат 10-11лар атрофида бўлганини айтган. Бошқа бир турғун эса уни «Алай» меҳмонхонаси олдида отишма содир бўлганидан кейин эшитганини билдирган.

2010 йилнинг июль ойида Қорасув туманидаги Нурдор ва Қашғар-Қишлоқ қишлоқларида жойлашган уч масжиднинг ходимлари ҳибсга олинган. Улар тунги соат 1:30дан иккигача азонни ретрансляция қилгани учун «Оммавий тартибсизликларга ундашда» ва «Миллий низони қўзғаш»да айблашган. Гумонланувчилар айбловларни рад этишган.

Уларнинг айтишича, Нурдор қишлоғида чиндан ҳам азон айтилган, аммо улар маҳаллий турғунларни этник низолар бошлангани сабабли эҳтиёт бўлишга чақиришган. Бу чақириқ имом ва маҳаллий депутатнинг илтимос билан айтилганини билдиришган. Натижада суд ўша йилнинг сентябрь ойида тўрт фуқарони «оммавий тартибсизликларни чақиргани» учун тўрт йилга озодликдан ажратган.

Масжидларнинг қолган ходимлари жиноий жавобгарликка тортилмаган. Шаҳид-Тепа ҳудудидаги масжид имоми Муҳаммадамин Усмонов унга қўйилган айбловлар сабаб оиласи билан бирга мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

«Мемориал» масжидлардаги овоз кучайтиргич ускуналари бир вақтда қўлланилмаган деб ҳисоблайди. Шунингдек масжидлардан қирғизларга «қуролли жиҳод» эълон қилингани ҳақида далиллар йўқ.

Учинчи миф: «Ўлганларнинг кўпи қирғизлар»

«Мемориал» Ўшнинг экс-мери чиқарган китобда жанжал чиққан кечаси қирққа яқин одам вафот этган деб ёзганини белгилаган — Мирзакматов эса уларнинг кўпи қирғиз бўлган деб айтган.

Бироқ «Мемориал»нинг докладига кўра, 11 июнь эрта билан Ўш вилоятининг касалхоналарида ўнга қин одамнинг ўлими қайд қилинган — уларнинг кўпи ўзбек миллатида бўлган. Шунингдек касалхоналарга икки миллатдан ҳам ярадор бўлган фуқаролар тушган.

Бу мифни Миллий комиссиянинг хулосасида инкор қилади: жанжалдан вафот этганларнинг 70 фоиздан ортиғи ўзбеклар бўлган. Ярадор бўлган қирғизларнинг сони ўзбекларга қараганда кўпроқ: 1097 — 763.