«Қирғизистон» фракциясининг лидери сайлов олди кампаниясида қатнашиш учун депутатлик мандатини топширди

311

«Қирғизистон» парламент фракциясининг бошчиси Алмазбек Баатирбеков 9 июнда депутатлик ваколатларини топшираётгани ҳақида ариза ёзди. У шу йил кузда ўтадиган парламент сайловига тайёргарлик кўриш учун парламентдан кетишга қарор қилди. Унинг мандати тадбиркор Бейшенали Нурлиновга ўтиши мумкин.

Бир кун аввал, 8 июнда унинг партиядоши Руслан Чойбеков худди шу сабабга кўра мандатини топширган. Рўйхат бўйича ундан кейинги ўринда турган депутатликка номзод Руслан Молдошев рўйхатдан чиқаётгани ҳақида аризасини ёзган.

Энди мандат табиий ресурсларнинг собиқ вазири Замирбек Эсенамановга ўтиши керак. У илгари коррупцияда айбланиб, сўнг оқланган.

13-май куни «Қирғизистон»нинг яна икки депутати Жанибек Исаев ва Алмазбек Эргешов ҳам сайлов кампанияси олдидан мандатларини муддатидан аввал топширган. Баатирбековнинг айтишича, улар октябрь ойида ўтувчи парламент сайловида партиянинг рўйхати бўйича боришади.

Уларнинг мандатлари собиқ депутат ва «Умут 2020» ҳаракатининг асосчиси Ширин Айтматова  ун мафиясига алоқадорликда айблаган Шаршенбек Абдикеримов ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг коррупцияга қарши кураш хизмати директорининг собиқ ўринбосари Жанибек Жоробековга ўтган.

«Қирғизистон» партияси нимаси билан таниқли?

«Қирғизистон» партияси 2010 йилда ташкил этилган. 2015 йилдаги парламент сайловида у учинчи ўринни эгаллаб, 120 ўриндан 18тасини олган. Жогорку Кенешга «Қирғизистон» партиясининг мандати бўйича келган Дастан Жумабеков айни пайтда парламентнинг спикери.

2016 йили партиянинг лидери Канатбек Исаев ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбаев билан тортишиб қолган. Исаев президент аппарати таклиф қилган Конституцияга тузатишлар киритишга қарши чиққан. У ўша жанжал боис парламентдаги «Қирғизистон» фракциясининг раҳбарлигини қўлдан чиқарган.

Кейинчалик, сайловолди ташвиқоти пайтида Канатбек Исаев амалдаги президент Сооронбай Жеэнбековнинг рақиби Ўмурбек Бабановни қўллаб-қувватлаган. Ўша пайтда Исаевга қарши икки жиноий иш қўзғатилган. Исаевга қарши бир жиноий ишни Олий суд жиноят аломати йўқлиги учун ёпиб, иккинчисини тўхтатиб қўйган.