Мамлакатда коронавирусдан яна 3 киши вафот этди — улардан бири тиббиёт ходими

379

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қирғизистонда COVID-19 юқтириб олган яна уч нафар бемор вафот этганини хабар қилди. Уларнинг икки нафари Ўшда, бири Норинда даволанаётган бўлган.

Вафот этган беморлардан бири фтизиатр бўлиб ишлаган — у 59 ёшда бўлган. Марҳум коронавирусни юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлиб юрган. Марҳумнинг қанд диабети ва юрак хасталиги бор бўлган. У касалхонага тушгандан кейин унда икки томонлама пневмония пайдо бўлган.

Бу коронавирус юқтириб вафот этган биринчи тиббиёт ходими эмас. Бунга мазкур касалдан Бишкекдаги №3 ОТМнинг оилавий шифокорлар гуруҳининг етакчиси Жузумкан Кокумбаева вафот этган.

Вафот этган иккинчи бемор 55 ёшдаги Ўш вилоятидаги Қорасув туманига қарашли Наримон қишлоғининг турғуни. У юк ташувчи машинанинг ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Марҳум касални Россиядан юқтириб келган. Бемор 27 майда касалхонага тушгандан кейин унда ҳам икки тарафли пневмония пайдо бўлган. Бундан ташқари, ўтган йили унинг юраги операция қилингани маълум бўлган.

Учинчи бемор эса Норин вилоят касалхонасида даволанаётган эди. Вафот этган 84 ёшдаги фуқаро 9 майда касалхонага тушиб, ўша ердан коронавирус юқтириб олган.

Шу билан COVID-19дан вафот этган фуқароларнинг сони 20га етди. Коронавирусдан вафот этганларнинг энг кўпи Ўш вилоятида қайд қилинди — 7 ҳолат. Уларнинг беш нафари Ўш шаҳрида, уч нафари Новқат туманида ҳамда бир киши Қорасув туманида вафот этган. Бишкек шаҳрида касалдан беш бемор кўз юмган. Чуй вилояти бўйича уч, Норин вилоятида икки ҳамда Жалолобод вилоятида бир фуқаро вафот этган.