Материал янгиланди.
Қирғиз ҳукуматининг матбуот хизматидан Баткен вилоятидаги қирғиз-ўзбек чегарасидаги «вазият тартибга солинди» деб билдирди. Шунингдек, жанжал чиққан чегара ҳудудида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Биринчи вице-премьер-министр Кубатбек Боронов вилоятнинг Қадамжой туманига борди. У Ўзбекистон Республикасининг премьер-министри Абдулла Арипов билан учрашади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Айдаркен шаҳридаги касалхонага умумий 25 киши келиб тушганини хабар қилди.
Уларнинг ичидан тўрт киши даволанишга ётқизилиб, иккисининг аҳволи оғир, яна икки нафарининг соғлиги нисбатан қаноатланарли деб баҳоланмоқда. Қолганлар тиббиё ёрдам кўрсатилгандан кейин уй шароитида даволанишга чиқарилган.
31 майда тушга яқин Қадамжой туманининг Чашма қишлоғи билан Сўх анклави турғунлари ўртасида жанжал чиқди. Вазиятни тартибга солиш учун ҳудудга қўшимча ҳуқуқ тартибот органларининг ходимлари жалб қилинди. Бу орада Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг маҳаллий ҳукумат органлари сўзлашувларни олиб бораётгани хабар қилинди.
«Ҳукуматнинг Баткендаги вакилининг биринчи ўринбосари Жаркинбай Максутов, Қадамжой туманининг ҳокими Алгинбай Имаров, Фарғона вилоятининг губернатори Шухрат Ғаниев, Сўх анклавининг ҳокими билан бўлиб ўтган низо бўйича сўзлашувларни олиб боришмоқда», — деб ёзилади ҳукумат тарқатган билдирувда.
Қирғизистоннинг версияси
Вице-премьер-министр Акрам Мадумаров «Азаттык» радиосига икки мамлакат фуқароларининг ўртасида дастлаб гап талашувлар бўлиб, у тош ирғитишга айланганини маълум қилган. Шунингдек жанжалга Қадамжойга қарашли Чашма булоғи сабаб бўлганини айтган.
Унинг айтишича, булоқ аниқланмаган ҳудудда жойлашган, уни икки тараф ҳам фойдаланиб келган. Бу каби жанжал эса ҳар йили чиқиб туришини таъкидлаган. Шунга қарамай Мадумаров мазкур масалани ҳал қилиш йўллари бор дейди.
«Ҳозирда Чегара хизмати демаркациялаш, тўсиш, олдини олиш ишларини олиб бормоқда. Шу ҳафтада учрашув бўлган. Аммо коронавирус пандемияси вақтида бу учрашувлар номаълум муддатга қолди. У ердаги булоқнинг масаласи ечилмай келмоқда. Агарда бу булоқ бир мамлакатнинг фойдасига ҳал бўлса, иккинчиси сувсиз қолиши мумкин. Шу сабабдан булоқ муаммоли масала бўлиб ҳисобланади. Аммо бу масалани ечишнинг йўллари бор. Икки тарафли учрашув бўлганда ҳал қиламиз», — деган у.
Ижтимоий тармоқларга эълон қилинган видеолардан юзлаб одамни кўриш мумкин. Маҳаллий турғунларнинг айтишича, булоқнинг бошида Ўзбекистон фуқаролари бир неча қирғизистонликларга тегишли машинани пачақлаб ташлашган. Шунингдек, жанжалда омборхона ҳамда турар жой ёниб кетгани айтилди.
Тахминан 10 соатга қадар давом этган жанжал бўйича расмий маълумотни ҳукумат кечга яқингина берди. Ҳозирда можарога қанча одам қатнашгани аниқланмоқда.
Ўзбекистоннинг версияси
«Озодлик»нинг ўзбек хизматига Сўх анклавининг турғуни жанжал Чашма булоғида сув талаш сабаб чиққанини тасдиқлаган. Исмини аташни истамаган турғуннинг айтишича, Ўзбекистон фуқаролари сув олиш мақсадида борганда, «Қирғизистонликлар сувни биз оламиз» деб туриб олишган. У шунингдек жанжалдан бир неча киши жароҳат олиб, 16 киши касалхонага тушганини билдирган.
Ўзбекистоннинг чегара хизмати эса «вазият назоратда» деб билдирув тарқатган. Шунингдек икки тарафли сўзлашувлар олиб борилаётганини тасдиқлаган.
«Жанжалнинг сабабларини аниқлаш ҳамда оқибатларини бартараф қилиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда», — деб ёзилган маълумотда.