Ўшда уй карантинига чиқаришни талаб қилган туғруқхонадаги аёллар бошқа ерга кўчирилди

497

Ўш шаҳар туғруқхонасида  обсервацияга олинган аёллар. Сурат: «Т-Медиа» нашри

Ўш шаҳар туғруқхонасида  обсервацияга олинган аёллар у ердаги шароитдан норози бўлиб чиқишгандан кейин бошқа касалхонага кўчирилди. Бу ҳақда «Клооп»га мэриянинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров билдирди.

Унинг айтишича, шароити яхшироқ бўлган хусусий клиникаларга ҳамда бошқа давлат касалхоанларига 28 майда умумий 167 киши кўчирилган — уларнинг орасида аёллар, чақалоқлар ҳамда тиббиёт ходимлари бор.

«Аҳволи оғирлари туғруқхонада қолди — бу туғруқдан бир оз қийналган ҳамда жарроҳлик йўли билан туққан аёллар. Уларни ҳозир бошқа ерга кўчириш мумкин эмас», — деди у.

Бир кун аввал обсервацияга олинган аёллар чақалоқларининг соғлигидан хавотир олаётганини билдириб, уларни уй карантинига чиқаришни талаб қилишган. Шунингдек улар икки марта таҳлилларининг натижалари терс чиққанига қарамай туғруқхонада 21 кундан бери ётишганини айтиб, касалхона шароитидан норози бўлишган.

Ўнлаб аёл касалхонанинг дарвозаси олдида тўпланиб чиқиб кетишга уринганда уларни қоровуллар қўйиб юбормаган.

Мазкур туғруқхонада коронавируснинг дастлабки ҳолати 12 майда қайд этилган — унда касални энг биринчи касалхонанинг ҳамшираси юқтириб олгани маълум бўлган. Шу сабабдан у билан алоқада бўлганлар аниқланиб, умумий 720 киши обсервацияга олинган.

29 майга келиб эса туғруқхонада касални юқтирганларнинг сони 57га етди — унинг орасида тиббиёт ходимлари, янги туққан аёллар ҳамда уларнинг гўдаклари бор.