Олайда инспекторни уриб қочиб кетган чегарачи уй қамоғига чиқарилди

59

Ўш вилоятининг Олай туманининг Тош-Қўра қишлоғидаги санитар-карантин постида турган йўл нозирини чегара ходими 26 майда машинаси билан уриб, воқеа бўлган ердан қочиб кетган. Милиция мазкур факт бўйича судгача тергов бошлади.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг айтишича, инспекторлар унинг тана хароратини текшириш вақтида ҳарбий ходимининг ичиб олгани сезилган. Йўл назорат ходилмари уни наркология бўлимига боришини илтимос қилишганда, у постда турганлар билан уришиб кетган.

«Машинасини ҳайдаб қочишга уринаётган ҳайдовчини йўл патруль ходими машинанинг олдига ўтиб тўсганда, у инспекторнинг оёғини босиб кетиб, изини яширган. Жабрланувчи ҳозирда Олай туман касалхонасида даволанмоқда», — деди Ўш вилоят ИИБнинг матбуот котиби.

Аширбаев қочиб кетган ҳарбий ходимнинг машинаси ўша кун кечаси мазкур туманнинг марказий бозоридан топилиб, ҳайдовчи эса эртасига қўлга олинганини таъкидлади. Шунингдек, тайинланган эскпертиза чегарачининг ичимлик ичганини тасдиқлаганини қўшимча қилди.

Воқеа ЖҚУРга «Ҳуқуқ тартибот органларининг ходимларига нисбатан безорилик» моддаси билан қайд этилди. Шунингдек, Аширбаев 28-майда суд чегарачини уй қамоғига чиқариш қарорини қабул қилганини айтди.

Бунга қадар Ўш шаҳридаги марказий кўчалардан бирида «Нур» телеканалининг журналисти Жилдиз Бекбаева билан патруль милициянинг ўртасида жанжал чиқиб, инспекторнинг машинани тўхтатиш ҳарактаига қарамай журналист уни 5-6 метр ерга судраб борганлиги маълум қилган. Кўп ўтмай инспектор аризасини қайтиб олиб, журналист «йўл белгиларига бўйсунмаслик» моддаси асосида 1000 сом жаримага тортилган.

Шунингдек, 27-мартда Ўш шаҳрида йўл патруль ходимининг машинани тўхтатиш талабига бўйсунмай, уни капотида судраган ҳайдовчига «Ҳукумат вакилини қўрқитиш ҳамда унга нисбатан зўравонлик» моддаси билан иш қўзғалган. Ҳайдовчини тўхтатиш учун инспектор ҳавога табель қуролидан ўқ отишга мажбур бўлган. Ҳайдовчи эса ўзининг қонунга бўйсунмаганини шошилаётгани билан изоҳлаган.

Муаллиф: Айзирек Осман қизи