Республика штабидан Қирғизистонда 21-майга келиб коронавируснинг янги 43 ҳолати қайд этилганини маълум қилинди. Бишкек шаҳрида 23 кишида касал аниқланди — бири Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан келган. Шунингдек Норин вилоятида — саккиз, Ўш шаҳрида — беш, Ўш вилоятида — тўрт ҳамда Баткен вилоятида — икки кишидан COVID-19 топилди.
Шу билан коронавирусни юқтириб олганларнинг сони 1313га етди — унинг 270 нафари тиббиёт ходими. Коронавирус юқтирган 14 фуқаро вафот этди, 929 бемор шифо топиб уйларига чиқарилган.
Ҳудудлар бўйича коронавируснинг энг кўп ҳолати Бишкекда қайд этилди — 357. Норин вилоятида — 221, Чуй вилоятида — 205, Ўш вилоятида – 201, Жалолобод вилоятида – 154,Ўш шаҳрида – 129, Баткен вилоятида – 27, Иссиқкўл вилоятида – 14 ҳолат. Талас вилоятида эса коронавирус ҳолати қайд этилмаган.
Коронавирусни юқтириб олганлар билан алоқада бўлганларнинг сони 6435 кишини ташкил қилди — улар тиббий назоратга олинган.
Касалхоналарда 370 киши қолмоқда — уларнинг беш нафари жонлантириш бўлимида. Мамлакат бўйича обсервацияларда 1902 киши ётибди. Бир сутка ичида 1894 таҳлил ўтказилди.