Қирғизистонда COVID-19 яна 78 кишидан аниқланди — жами 1216 ҳолат

421

Республика штабидан Қирғизистонда 18-майга келиб коронавируснинг янги 78 ҳолати қайд этилгани маълум қилинди. Уларнинг ичидан Чуй вилоятида 46 — уларнинг 43 нафари Россиянинг Соль-Илецк шаҳридан келган қирғизистонликлар, Бишкек шаҳрида олти — уларнинг уч нафари Санкт-Петербургдан қайтган қирғизистонликлар.

Шунингдек Норин вилоятида 14, Ўш вилоятида 6, Ўш шаҳрида 5 ҳамда Жалолобод вилоятида бир нафардан кишида касал аниқланди. 

Шу билан коронавирусни юқтириб олганларнинг сони 1216га етди — унинг 255 нафари тиббиёт ходимлари. Коронавирус юқтирган 14 фуқаро вафот этди, 827 бемор шифо топиб уйларига чиқарилган. 

Ҳудадлар бўйича коронавируснинг энг кўп ҳолати Бишкекда қайд этилди — 323, уларнинг ичидан 13 бемор Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан келган фуқаролар. Чуй вилоятида коронавируснинг 205 ҳолати қайд этилган, унинг деярлик ярми — 101 ҳолат — Россиянинг Соль-Илецк шаҳридан келган фуқаролардан аниқланди. 

Ўш вилоятида – 189, Ўш шаҳрида – 124, Жалолобод вилоятида – 154, Баткен вилоятида – 25, Норин вилоятида – 183, Иссиқкўл вилоятида – 13 ҳолат. Талас вилоятида эса коронавируснинг бирорта ҳам ҳолати қайд этилгани йўқ. 

Коронавирусни юқтириб олганлар билан алоқада бўлганларнинг сони 6050 кишини ташкил қилди — улар тиббиёт назоратига олинган.

Касалхоналарда 375 киши қолмоқда — уларнинг олти нафари жонлантириш бўлимида. Мамлакат бўйича обсервацияларда 2236 киши ётибди. Бир сутка ичида 1669 таҳлил ўтказилди.