Ўтган сутка ичида Қирғизистонда коронавирус инфекцияси яна 21 кишидан топилди — уларнинг олти нафари тиббиёт ходими. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 12-майда билдирди.
Бишкек шаҳрида 10, Норин вилоятида етти — уларнинг олти нафар туғруқхона ходими, Жалолобод вилоятида уч ҳамда Чуй вилоятида бир ҳолат қайд этилди. Ўпка касалини юқтириб олганларнинг уч нафари чет ўлкадан келган — Россиядан икки ва Дубайдан бир киши.
Шу билан коронавирусни юқтириб олган фуқароларнинг сони 1037га етди — унинг 241 нафари тиббиёт ходими. Ўпка касалидан умумий 709 киши шифо топиб, касалхонадан чиқарилган. Ўн икки бемор эса касалдан вафот этди.
Коронавируснинг энг кўп ҳолати Бишкек шаҳрида қайд этилди — 282. Ўш вилоятида касалга чалинганларнинг сони 180 нафарни ташкил қилди, Ўш шаҳрида 113 ҳолат.
Жалолобод вилоятида 147, Норин вилоятида 136, Чуй вилоятида 143 — уларнинг 56си Россиянинг Соль-Илецк шаҳридан келган фуқаролар, Баткен вилоятида 24, Иссиқкўл вилоятида ўн икки ҳолат қайд этилган. Талас вилоятида коронавируснинг бирорта ҳам ҳолати қайд этилгани йўқ.
Ҳозирда касалхоналарда 316 киши қолмоқда. Уларнинг етти нафари оғир аҳволда — тўрт нафари жонлантириш бўлимида. Ўлка бўйича обсервацияга 1109 киши олинди.
Коронавирусни юқтириб олганлар билан алоқада бўлганларнинг сони 4594 нафарни ташкил қилди — уларнинг бари тиббий назоратга олинган. Шунингдек ўтган сутка ичида 1621 таҳлил ўтказилди.