Сузоқда ҳимоя костюми берилмаганини айтган милиционер хизматдан бўшатилди

370
Сурат: Ўш вилоят ИИБи

Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани Благовешенка қишлоғидаги постда турган ходимларга махсус ҳимоя формаси берилмаганини айтиб чиққан милиционер хизматидан бўшатилди. Маълумотни Жалолобод шаҳри бўйича комендатуранинг матбуот маркази ходими Нурдин Жээнтаев “Клооп”га тасдиқлади.

Нима бўлди?

Ижтимоий тармоқларда милиционер махсус ҳимоя кийимлари берилмаганини, кунига бир маҳалгина овқат берилаётганини айтган видеоси тарқаган. Мазкур ҳуқуқ тартибот органларининг ходими “Турмуш”га билдиришича, видеони атайин тарқатиш мақсадида олмаган. Унинг ҳол-аҳволини сўраб боғланган милиция фахрийси Мухтар Исмаиловгагина йўллаган. Шундан кейин видео ижтимоий тармоқларга тарқаб кетган.

“Кеча-кундуз навбатда туриб ишлаяпмиз. Баъзан кундузи, баъзан кечаси ишлаётгандик. Кунига борганимизда бир дона тиббиёт ниқоби беради, бир марталик. Қўлқоп билан антисептик беради. Бир маҳал овқат берилади. Махсус ҳимоя кийими берилгани йўқ. [...] Кейин бир куни амаким (фахрий Мухтар Исмаилов) билан гаплашиб қолдим. Аҳволни сўради, айтиб унга видео олиб жўнатганман. Махсус чиқарганим йўқ, у видеони”, — деган ходим.

Унинг айтишича видеони тарқатгандан уч кун ўтиб уни Жалолобод вилоят ИИБига чақиришган. У ерда аниқлаш ишлари ўтказилиб, у хизматидан олинган. Милиционер қарорга рози эмаслигини ёзиб бериб, аммо ишдан бўшатиш бўйича ҳужжатнинг нусхасини қўлига ололмаган. Шунингдек у махсус хизмат текшируви қайта ўтказилмаса, судга мурожаат қилишга тайёр эканини билдирган.

Милиционер эса видеони йўллаган Мухтар Исмаилов, милициянинг фахрийси қатори ходимлар билан боғланиб, аҳволни сўраб яқин алоқада бўлиб турганини айтади. У ҳеч бир милиция ходимидан ҳимоя кийимлари берилганини, етарли таъминот бўлганини эшитганим йўқ дейди. Раҳбариятнинг эса бу иш-харакатини “провокация” деб ҳисоблайди.

“Буларни етарли даражада таъмин қилмагани бу провокация. Бу йигитнинг ҳаёлига ҳам келмаган видеонинг ОАВларга чиқиб кетишини. Ким чиқарган бўлса у ўзи билади, ва ҳаммаси билади буни. Аниқлаб сўраб олмайинми! Келишмайми?! Интервью берганда ҳақиқатга тўғри келмайди дебгина қутулишади. Милиция раҳбарлари, комендант бош бўлиб, буни ишдан олиб қўйиб ҳамкасбларига: “кўрдингларми, озгина биз чизган чизиқдан чиқсанглар, сизлар ҳам шу кўйга тушасизлар” дегани, репрессия деб тушунаман мен буни!” — деб билдирган у.

“Видеода айтилганлар ҳақиқатга тўғри келмайди”

Комендатурадан эса ходимнинг видеода айтганлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва видео атайлаб “кимларнингдир буйруғи“ билан олинган деб билдиришди.

“Видео ходимлар навбат алмашиши вақтида тасвирга олинган. Бундан ташқари бу монтажланган, икки қисм олинган видео. Хизмат текшируви вақтида буларнинг бари аниқланди. Бу ходим адашиб, бўлмаган маълумотларни атайлаб бировларнинг гапи бўйича, ўша видеони олиб ва изоҳ бериб қўйган”, — деди Нурдин Жээнтаев.

Жээнтаев ходим кечки навбатда хизмат ўтаганини, хизмат вақти комендант соати вақтига тўғри келиб аҳоли билан контакт оз бўлгани сабаб махсус ҳимоя кийимлари кийишмаганини, аммо юз ниқоби ҳамда қўлқопларни шубҳасиз кийиб туришганини айтди. Шунингдек у 24 соат давомида навбатда турган ходимларгагина 3 маҳал таом берилишини қўшимча қилди.

“Жалолобод вилоят ИИБи тарафидан махсус ўтказилган хизмат текширувининг натижасида Қирғизистон Республикасининг бир қатор қонунларини, шунингдек ҚРнинг Ички ишлар вазирлигининг буйруқларини, бундан ташқари ҚРнинг Ички ишлар вазирлигининг буйруқлари, бундан ташқари ҚРнинг ҳуқуқ тартибот органларининг тартиб уставида кўрсатилган талабларни жиддий тарзда бузгани учун милициянинг сержанти О.Б.Б милициянинг патруль хизматининг махсус ротасининг милиция хизматидан бўшатилган”, — деб билдирди у.

Қирғизистонда коронавирус биринчи марта 18-мартда Жалолободнинг Сузоқ туманидаги Благовещенка қишлоғида қайд этилган. Вирус Саудия Арабистонидаги умрадан келган уч кишидан аниқланган. Айни ўша куни Благовещенка ва унга яқин жойлашган Ўрта-Осиё ҳамда Бостон қишлоғининг турғунлари карантинга олиниб, йўлларга блок-пост қўйилган.

Сузоқда 5-майга қадар COVID-19нинг жами бўлиб 93 ҳолати қайд этилиб, уларнинг ичидан 89 киши шифо топиб чиққан.