Қирғизистонда коронавирус яна 13 кишидан аниқланди — жами 843 ҳолат

Ўтган кеча-кундуз ичида Қирғизистонда коронавирус инфекцияси яна 13 кишидан топилди — улардан бири тиббиёт ходими. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 5-майдаги брифингда билдирди.

Бишкекда саккиз, Норинда беш ҳолат қайд этилди. Шу билан коронавирусни юқтириб олган фуқароларнинг сони 843 нафарга етди — унинг 217си тиббиёт ходимлари. Ўпка касалидан 600 киши шифо топди, ўн бир бемор вафот этди. 

Жалолобод вилоятида 123 киши мазкур касални юқтириб олди. Норин вилоятида коронавирусга чалинганларнинг сони 103 нафарни ташкил қилди. Чуй вилоятида COVID-19 72 кишидан топилди. Иссиқкўл вилоятида ўн ва Баткен вилоятида 14 ҳолат қайд этилди.  Бишкек шаҳридан эса 239, Ўш шаҳрида 113 ҳамда Ўш вилоятидан 169 ҳолат қайд этилди. Талас вилоятида коронавирус ҳолати қайд этилмаган. 

Ҳозирда касалхоналарда 212 киши қолмоқда. Уларнинг саккиз нафари оғир аҳволда, беш нафари жонлантириш бўлимида. Мамлакат бўйича обсервацияга 917 киши олинди. 

Коронавирусни юқтириб олганлар билан алоқада бўлганларнинг сони 3755ни ташкил қилди — уларнинг бари тиббиёт назоратига олинган. 

Шунингдек 5-майга қадар жами бўлиб 59 176 таҳлил олинган. Уларни 58 030нинг натижаси чиққан.