МСК Дариға Назарбоеванинг депутатлик ваколати тўхтатилганини эълон қилди

345

Қозоғистон Марказий Сайлов Комиссияси(МСК) собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоеванинг депутатлик ваколати тўхтатилганини эълон қилди.

Марказий Сайлов комиссиясининг мажлиси 4 май куни бўлиб ўтди. Унда,  «Қозоғистон Республикаси парламенти сенати депутати Д.Н.Назарбоеванинг ваколати тўхтатилиши» тўғрисида қарор қабул қилинди.

2 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сенат депутати Дариға Назарбоеванинг ваколати тўхтатилгани тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Дариға Назарбоева  отаси президентлик лавозимидан истеъфога кетган куни парламент сенатиспикери этиб сайланган эди.

У отасининг фармони билан 2016 йилда сенат аъзоси этиб тайинланган эди. Унинг сенат депутати этиб тайинланиши кузатувчилар томонидан Назарбоев ўзига меросхўр тайёрлашга уринаётгани сифатида баҳоланган эди.

Қозоғистон Конституциясига кўра, сенат спикери –амалдаги давлат раҳбарининг истеъфоси ёки вафот этиши туфайли президент лавозимини эгалловчи биринчи номзод сифатида кўрилади.

Сенат аъзоси бўлишидан аввал Назарбоева Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2012-2015 йилларда Дариға Назарбоева Мажилис депутати, парламент қуйи палатаси спикерининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Назарбоевнинг ўзи мамлакатни 1990 йил апрель ойида бошқарган ва 2019 йил 19 мартда истеъфога чиққан.2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Назарбоевнинг қизи ваколатларини бекор қилди. Дарига Назарбоева отаси истеъфога чиққан куни ушбу лавозимни эгаллаб, бир йилдан ортиқ Сенат спикери лавозимини эгаллаб келган.