Ўтган кеча-кундузда яна етти тиббиёт ходимида коронавирус аниқланди — Ўш шаҳрида ва Ўш вилоятида иккидан ҳолат, уч ҳолат Бишкек шаҳрида. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усонбаев 21-апрелдаги брифингда билдирди.
Шу билан коронавирус юқтирган тиббиёт ходимларининг сони 147 нафарга етди. Бу умумий беморларнинг 25 фоизини ташкил қилади. Жами бўлиб ўн уч тиббиёт ходими шифо топди — уларнинг олти нафари шифокор.
Касал юқтириб олганларнинг ичида 42 шифокор, 61 нафар ўрта тиббиёт ходими, 24 кичик ҳамшира ҳамда 20 нафар яна бошқа ходимлар бор.
Бунга қадар COVID-19ни юқтириб олган Жалолобод вилоятидаги Олабуқа касалхонасининг давлат ходимлари мурожаат билан чиқиб, касалга чалинишида раҳбариятни айблаган. Уларнинг айтишича, раҳбарият коронавирусни юқтириб олган беморларни қабул қилишга тайёргарлик кўрмагани сабаб касалхонанинг тиббиёт ходимларига касал юққан.
Вице-премьер-министр Кубатбек Боронов эса бунга қадар Олабуқадаги тиббиёт ходимларининг касаллик юқтириб олгани текширилади деб билдирган. Шунингдек Боронов иш вақтида коронавирусни юқтириб олган тиббиёт ходимларига 200 минг сом компенцасия тўланишини маълум қилган. Агарда COVID-19 юқтирган тиббиёт ходими вафот этган ҳолда, марҳумнинг оиласига 1 млн сом берилиши айтилди.
Қирғизистонда коронавирусни юқтириб олганларнинг сони 590 нафарга етди. Уларнинг ичидан 216 киши касалдан тузалиб, етти нафари вафот этган. Мамлакат бўйича обсервацияда 714 киши ётибди.