Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус юқтириб олган яна икки бемор вафот этганини маълум қилди.
Марҳумлардан бири Чуй вилоятидан бўлиб, 70 ёшдан ўтган аёл, иккинчиси эса Ўш шаҳрининг турғуни - у 79 ёшдаги эркак бўлган. Жами бўлиб республикада COVID-19 юқтириб вафот этганларнинг сони 7 кишига етди.
«Чуй вилоятида [вафот этган] тиббий ёрдам учун кеч мурожаат қилиб, ўзида ҳам кўп касалликлар бўлган экан. Тўлиқ тиббий ёрдам бериб, ҳаётини асраб қолишга эришолмадик. Ўш шаҳрида вафот этган киши эса шифохонада даволанаётган бўлган. Аммо яна қўшимча касалликлари бўлгани сабаб бизнинг даволашимиз самара бермай вафот этди», — деди соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурблолот Усенбаев.
20-апрелга келиб Қирғизистонда коронавируснинг янги 14 ҳолати қайд этилди — умумий 568 ҳолат. Касалхоналарда 360 киши даволанмоқда. Уларнинг олти нафари оғир аҳволда — касалхонанинг жонлантириш бўлимига саккиз бемор ўтказилди.