Бишкек поликлиникаси дезинфекция учун ёпилди — у ерда тўрт шифокор  коронавирус юқтирган 

406

Бишкекнинг жануби-ғарбидаги № 17 Оилавий тиббиёт марказида (ОТМ) тўрт шифокорда коронавирус аниқланди — энди поликлиника дезинфекцияланади.

«Поликлиника дезинфекция ўтказиш учун икки кунга ёпилди. Тозалаб туриб қайта очамиз», — деб билдирди Ленин туманининг Бириккан оилавий тиббиёт марказининг (БОТМ) директори. 

Унинг айтишича, оилавий тиббиёт марказининг коронавирусга чалинган шифокорлари обсервацияга олинди.

Шифокорлар нима дейишмоқда? 

БОТМдан коронавирус юқтирган шифокорлар обсервацияга ётқизилганини билдирганига қарамай ОАВда бир оз бошқача маълумот хабар қилинмоқда. 

Govori.TV инфекция юқтириб олган шифокорларга суяниб, шифокорлар обсервацияга олиш масаласи хали ҳам хал қилиб бўлинмаганини билдирмоқда. 

«Ҳозирда биз уйга боргандан ҳам қўрқяпмиз, яқинларимизга юқтириб олмайлик деб. Бош шифокоримиз масалани хал қилиш ҳаракатини кўриб чиқмоқда. Кечадан бери алоқада бўлганлардан таҳлил олингани йўқ. Карантин, обсервация масаласи ҳам хал қилинмаяпти. Биз ҳаммасига розимиз, уй карантини деса ҳам, обсервацияга олса ҳам. Ҳозир номаълум бўлмоқда, шу сабабдан уйларимизга ҳам бора олмаймиз, яқинларимизга юқтириб олишдан қўрқиб турибмиз», — деб айтишган шифокорлар. 

Поликлиниканинг бош шифокори Гулнара Ташибекова «Кактус»га берган интервьюсида жанжал қилиб юриб шифокорларни коронавирусга текширтирганини айтган. 

«Мен жанжал қилиб юриб текширтирдим. Шундай қилиб, тўрт кишининг таҳлили ижобий натижа кўрсатмоқда», — деди бош шифокор.

Ташибекованинг айтишича, шифокорлар бунга қадар Давлат санэпидемназорат марказининг ходимлари билан алоқада бўлган. Давлат  санэпидемназоратнинг 25 ходими коронавирус юқтириш гумони билан касалхонага ётқизилган, уларнинг ичидан тўрт кишида диагноз аниқланган. 

«Мен инфекция касалхонасига тушиб қолган санэпидемназоратнинг оғриб қолган дастлабки ходимлари ҳақида эшитиб, қўнғироқ қила бошладим: барча ерга қўнғироқ қила бошладим, чунки марказнинг эпидемиологлари (биринчи юқтирганларнинг ҳамкасблари) бизнинг поликлиникада ишлаган. Улардан бири менга карантинда эканини тасдиқлади», — деб билдирди у.

Ташибекова поликлиниканинг бир ходимини юқумли касалликлар касалхонасига олиб кетишганини айтмоқда. 

«ОТМнинг бир ходимини кеча пневмония билан инфекция касалхонасига олиб кетишди. Бундан ташқари, бизда яна уч шифокор бор: уларнинг барида ПЦР таҳлили ижобий натижа берган. Иккисида пневмония», — деб айтиб берди у. 

№ 17 ОТМнинг бош шифокори айтишича, шифокорлар охирги 60 кундан бери кучининг борича, дам олиш ва уйқусиз ишлашмоқда. У ўз поликлиникасининг шифокорларини шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаганини билдирди. 

«Ходимлар илҳом билан ишлаётган эди. Энди биз билан шундай қилиб қўйишди. Мен барча ерга ариза ёзаман. Ҳозир поликлиника ёпилди. Беморларни ким қараб, ким даволайди энди?» — дейди Ташибекова.

Жами бўлиб мамлакатда коронавирус юқтирган шифокорларнинг сони 116 нафарга етди.  Уларнинг ичидан 40 киши Бишкекда. 

Ҳукумат юқумли касалликка чалинган шифокорларга бадал тўлаб беришни ваъда қилган — вирус юқтириш вақтига 200 минг сом, вафот этиш ҳолатида бир миллион сом.

17-апрелга келиб, коронавирус юқтиришнинг 489 ҳолати қайд этилган. Уларнинг 370 нафари касалхоналарда даволанмоқда,  114 киши тузалиб касалхонадан чиқарилган, беш киши эса вафот этган.