Видео: Исфаналик шифокор ҳимоя воситалари етишмаётганини айтди

566

13-апрелда фейсбукда Баткен вилоятининг Исфана шаҳрида ишлаган шифокорнинг видеомурожаати эълон қилинди. Лавҳада тиббиёт ходимлари ҳимоя кийимлари ва воситалари кераклигини айтиб ёрдам сўради.

Унинг айтишича, Лайлак туманида Баткен шаҳрига, Россияга, умрага, даъватга бориб коронавирусни юқтирган одамлар билан алоқада бўлган турғунлар бор. Шу сабабдан алоқада бўлган турғунлардан тиббиёт ходимлари ҳар куни хабар олиб туради.

“Бизга бир кунлик харажатимиз учун 70 ходимга бир марталик 70 дона халат, 350 тиббиёт ниқоби ҳамда 350 қўлқоп, 70 дона антисептик, 50 градусник, 100 шпатель керак”, — деган тиббиёт ходими.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот котиби Жилдиз Айгерчинова Лайлак туманидаги оилавий тиббиёт марказларида ҳимоя воситалар етарли эканини маълум қилган. Унинг айтишича, бунга қадар Ўзбекистондан келган гуманитар ёрдам Баткен вилоятидаги касалхоналарга бўлиштирилган.

“Ҳозирда тиббиёт идораларида кўп бор ишлатилувчи ҳимоя либоси — 317 комплект, бир марта ишлатилувчи ҳимоя кийими — 467, ниқоб — 14950 дона, респиратор — 288, антисептик — 1274 литр, қўл қоплар — 19091, ИВЛ — 10 дона, дезинфекцияловчи восита — 250 кг бор”, — деди Айгерчинова.

Шунингдек Айгерчинова вилоятда тиббий ҳимоя воситаларининг захираси бор эканини, у зарур бўлган вақтда тарқатилишини билдирди. Вазирликдан нима учун шифокор бундай мурожаат қилгани тушунарсиз бўлмоқда дейишди.

Ҳукуматнинг Баткендаги вакиллигидан эса видеомурожаат қилган тиббиёт ходими Исфана шаҳридаги №1 оилавий шифокорлар гуруҳининг шифокори Минавар Камилова эканини билдиришди. Шунингдек Камилова тарқатган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтишди.

Баткен вилояти бўйича коронавируснинг 5 ҳолати қайд этилган. Бироқ Исфана шаҳрида касалга чалинганлар йўқ. Вилоятда уй карантинига 458, обсервацияга бир, изоляцияга бир киши олинган.