Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши нима учунпрезидент 1-апрелда соғлиқни сақлаш вазири ҳамда вице-премьер-министр лавозимидаги Космосбек Чолпонбаев билан Алтинай Омурбековани хизматдан бўшатганини тушунтириб берди.
Хавфсизлик кенгашининг аъзолари Чолпонбаев ва Омурбековага 27-январда Қирғизистонга коронавируснинг кириши билан тарқалишига йўл бермасликни топширган.
«Республика штаби вирусни мамлакат ҳудудига киргизмаслик ҳамда унинг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чораларни ўз вақтида кўрмаган ҳамда назорат қилмаган», — деб айтилади Хавфсизлик кенгашининг билдирувида.
Космосбек Чолпонбаевнинг танқидга олинишига муассасанинг вирусологлари унга коронавирус юқтириб олганларни аниқлаш ҳамда уларнинг таҳлилларини олиш учун тестларни олиш зарурлиги бўйича «бир неча бор мурожаат қилишган», аммо уларнинг мурожаатлари эътиборга олинмагани сабаб бўлган.
Алтинай Омурбекова одамларни коронавируснинг бор-йўқлигини тест қилиш учун лабораторияларни ишга киргизиш ишини бошқараётган эди, аммо унинг раҳбарияти остида бундай марказларнинг фақатгина бештаси ишлай бошлаган. Бундан ташқари, январнинг охирида реагентларнинг қиймати ҳозирда ҳукумат сотиб олишга мажбур бўлаётган баҳодан ҳам уч баробар арзон бўлган.
«Уларнинг масъулиятсизлиги Қирғизистонда тузилган вазиятнинг, жамоатчиликнинг норозилигини ҳамда муаммоларнинг келиб чиқиши сабаби бўлиб қолди», — деб ҳисоблайди Хавфсизлик кенгашининг аъзолари.
Сооронбай Жээнбеков Космосбек Чолпонбаев билан Алтинай Омурбековани 1-апрелда коронавирус юқтирганларнинг сони ўсаётган шароитда бўшатган. Уларнинг ҳукуматдаги ўрнига эса Сабиржан Адикаримов ва депутат Аида Исмаилова келган.