Ўш вилояти бўйича 26-мартга ўтар кечаси комендантлик соатини бузган 91 фуқаро қўлга олинди. Уларнинг ичидан саккиз кишига 3 минг сомдан жарима солиниб, қолганларига огоҳлантириш берилди.
Вилоят бўйича комендант Малик Нурдиновнинг айтишича, қўлга олинганлар комендантлик соати тугаганда уйларига қўйиб юборилди. Шунингдек у турғунларга мурожаат қилиб, бу вазият тартибга солингунга қадар тўғри қабул қилишни илтимос қилди.
“Бир-биримиз билан озроқ алоқада бўлиш керак бўлмоқда. Бу жараёнлар тугагандан кейин бир-биримизни зиёрат қилаверамиз, ҳаммаси жойига тушади. Одамларнинг бир-бири билан алоқасини озайтиргандагина коронавируснинг тарқалиб кетишига тўсиқ қўйилади”, — деб тушунтирди Нурдинов.
Ўш вилоятининг ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Женишбек Аширбаев “Клооп”га билдиришича, тартиб бузганларнинг 55и Қорасув туманининг, 11и Новқат туманининг ва 25и Ўш шаҳрининг турғунлари. Бундан ташқари 3 автомобил ҳайдовчиси ҳам қўлга олинган.
Қирғизистонда 25-мартдан 15-апрелгача коронавирус қайд этилган ҳудудларга фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Шу сабабли Бишкек, Ўш ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани, Ўш вилоятининг Новқат ва Қорасув туманларида кечки соат 20:00дан эрталабки 7:00га қадар комендантлик соати киргизилган. Мазкур вақт давомида фуқароларнинг кўчада юришига ва транспортнинг ҳаракатига тақиқ қўйилади.
Фуқаролар эса соат 07:00дан 20:00гача муддатда фақатгина озиқ-овқат дўконига, дорихонага ёки тиббий массаларга бора олади — бунинг учун фуқароларнинг ёнида шахсини тасдиқловчи гувоҳнома ва тўлдирилган анкета бўлиши керак.