“Эртага нима бўлади?”.Сузоқнинг коронавирус аниқланган қишлоқларидаги ҳаёт

167
Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани. Сурат: Ҳукуматнинг Жалолобод вилояти бўйича мухтор вакиллигининг матбуот хизмати

Қирғизистонда коронавирус биринчи бор 18-мартда Жалолободнинг Сузоқ туманидаги Благовешенка қишлоғида қайд этилган. Вирус Саудия Арабистонидаги умрадан келган уч кишидан чиққан. Ўша куни Благовешенка ҳамда унга яқин жойлашган Ўрта-Осиё ва Бостон қишлоғининг турғунлари карантинга олиниб, йўлларга блок-пост қўйилган — 10 минг киши. “Клооп”нинг журналистлари мазкур қишлоқларнинг турғунлари билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаёти қандай ўтаётгани ҳақида сўради.

Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани. Сурат: Ҳукуматнинг Жалолобод вилояти бўйича мухтор вакиллигининг матбуот хизмати

Благовешенка қишлоғининг турғуни Жолдубай Абдиқадиров дастлаб вирус Қирғизистонга келмади деб суюнаётган эдик. Кейин умрадан келганлар коронавирус юқтириб келишганини эшитгандан сўнг аҳоли хавфсираганини айтади.

“Одамлар ростдан ҳам қўрқди. Хавфсираган аҳоли энди уйидан чиқмай ўтиришади. Қишлоқдаги ҳаж тўйига бормаганман. Ҳозир ҳаёт аввалгидек. Қишлоғимизда карантин бўлган кундан бошлаб ёрдамлар кела бошлади. Дўконларда озиқ-овқат ва ун етарлича”, — деди у.

Благовешенка қишлоғига қўшни яшовчи Айнура* халқ коронавирусни “номинг ўчгур” деб аташаётганини айтади. Касалликнинг тарқалмай, тез бартараф қилиниши учун қишлоқликлар шундан ном беришган. У ҳам карантин сабаб ҳеч бир киши кўчага чиқмаётганини тасдиқлади.

Айнуранинг айтишича, қишлоқдагиларни ҳудудий касалхонадан келиб текширишмоқда. Шунингдек “ҳожи тўйига кимлар борган” деб сўраб, исм-фамилияларини ёзиб кунда тана ҳароратини ўлчаб кетишади. Аммо Айнуранинг оиласидан ҳожи зиёратига ҳеч ким бормаган.

“Аммо бизга келгани йўқ, балки навбат етиб келмагандир. Ҳажга бориб келганларнинг уйида келини, набиралари бор экан. Уларни рўйхатга олибди деб эшитдик. Уйидаги келини “Қайнотам асли ўзи касал бўлиб келган эди, коронавирус юқтирмаган, кондиционернинг олдида ўтириб шамоллаб қолган экан, шундан касал бўлиб келган эди” деб айтяпти экан. У бир томондан одамларнинг муҳокамасига тушиб қолгани учун шунақа деб айтаётган шекилли”, — деб қўшимча қилди у.

Ўрта Осиё қишлоғининг турғуни Зайнаб* ҳам карантин сабабли уйида ўтиради. У ҳар куни турар жой билан ҳовлини хлор сочиб дезинфекциялаб туради. Шунингдек ФҲВнинг ходимлари ҳам кўчани икки маҳал зарарсизлантирмоқда дейди.

Унинг иши қишлоқ ташқарисида. Аммо етакчиси карантин вақтида ишга келмаслиги мумкинлигини айтиб, ойлик маоши бунга қарамай тўланишини айтган.

“Аслида ишга чиқишинглар керак деган, аммо постдан ўтгандан кейин қайтиб киргизмаймиз дегани учун ўтириб қолдим. Ишдан сўрасам карантинга ёпилган ҳудудлардагилар ўтираверинглар, ойлик тўлаб берамиз деган. Бу бўйича тўлиқ маълумот олгандан кейин уйда ўтириб қолдим. 15 кунда билинади, кейин ундан сўнг вазиятга қараб кўрамиз”, — дейди у.

Зайнабнинг айтишича, қишлоқда озиқ-овқат етарли. Бир карра озиқ-овқатни бепул олишган. Бундан ташқари, истаганлар дўконлардан харид қилиши мумкин.

“Аҳолига олдиндан огоҳлантириш берилаётганда озиқ-овқатни ғамлаб олишган экан, шу билан ўтиришибди. Ҳукумат қандай кўрсатмаларни берган бўлса шуларга амал қиляпмиз. Блок-постдан магазинда ишлаган одамгина ўтиб, озиқ-овқат олиб келаверади. Бошқа ҳеч ким ўта олмайди. Баҳолар кўтарилмаган, уни текшириб туришади”, — деб қўшимча қилди турғун.

Ўрта Осиёдаги деҳқонларга далага чиқиб ишлаб келишга рухсат берилган. Айримлар дала ишлари билан машғул. Зайнаб* эса ҳукумат берган бир марта қўлланилувчи тиббий ниқоб берганига қарамай, кўп марталик юз ниқоби тикмоқда.

Благовешенка қишлоғининг яна бир турғуни интервьюдан ташқари суҳбатда эл коронавирус ҳақида яхши билмаганидан дастлаб ваҳима бўлгани йўқ дейди. Аммо блок-постлар қўйилиб йўллар тўсилганда келажак ҳақида ўйлана бошлашганини айтди.

“Эртага нима бўлади деган фикр бошдан чиқмай қўйди. Қариндош-уруғдан телефон қўнғироқлар тинмай келиб қолди, одамни хижолат қилиб… Одам барига кўникар экан. Бир оз бўлса ҳам кўниб қолдик. Шу баҳона билан ҳозир кўчага чиқмаймиз. Ҳовлимиз билан машғулмиз”, — деб тушунтирди у.

Ҳукуматнинг Жалолобод вилояти бўйича мухтор вакиллигининг матбуот котиби Нурсултан Абдуллаевнинг айтишича, Сузоқ тумани бўйича 300 мингга яқин одам бор. Ҳозирда касаллик юқтирганлар билан алоқада бўлганлар шифокорларнинг назоратида бўлганини айтди.

“Бироқ барча қариндошларга маълумот берилган, агар ўзларини ёмон ҳис қилиб, бемор бўлса мурожаат қилинглар деб. Ҳозир беморлар билан алоқада бўлганлар 3384 киши деб ҳисобланмоқда, аммо бу кунига ўзгариб туриладиган рақамлар”, — деб тушунтирди Абдуллаев.

Жалолобод вилоятида коронавирусни аниқловчи лаборатория йўқ бўлгани учун мобил лаборатория келтирилган. Унда кунига 100га яқин одамни текшириш имконияти бор.

26-март эрталабки вақтга келиб ўлка бўйича COVID-19 вирусини 44 киши юқтиргани маълум. Уларнинг 17си Жалолобод вилоятидаги Сузоқ туманида, иккиси Олабуқа туманида, 11и Ўш вилоятининг Новқат туманида, саккизи Қорасув туманида, бири Ўш шаҳрида, бири Баткен вилоятининг Баткен туманида, бири Чуй вилоятининг Москва туманида ва уч нафари Бишкек шаҳрида.