Қирғизистонда умрбод ҳукм қилинган 200 маҳбус очлик эълон қилди

466

Жазони ижро этиш Давлат хизматининг матбуот хизмати маълум қилишича, умрбод озодликдан маҳрум қилинган 200 нафар маҳбус муддатсиз очлик эълон қилиш масаласида ёзма баёнот билан чиқишди.

Хабарга кўра, бу 9 март куни №1, 16, 19, 25 жазони ижро этиш муассасаларида юз берди.

Маҳкумлар янги кодекс бўйича аввал чиқарилган ҳукмлар қайта кўриб чиқилишини талаб қилишмоқда.

Жазони ижро этиш Давлат хизматининг маълум қилишича, 2019 йилда муассаса бошлиқлари судларга умрбод озодликдан маҳрум қилинганларга нисбатан тақдимнома беришган эди, аммо барча аризалар судлар томонидан қаноатлантирилмади. Муассаса янги кодекслар кучга кириши борасидаги қонунга таянишларини айтишди, унга кўра янги Жиноят кодексида худди шу жазо белгиланган бўлса, у ҳолда умрбод озодликдан маҳрум қилиш борасидаги ҳукмлар қайта кўриб чиқилмайди.

“Умрбод озодликдан маҳрум этилган маҳкумларнинг талаби асоссиздир. Айни дамда номи тилга олинган муассасалар маъмуриятларининг ва Жазони ижро этиш Давлат хизматининг тегишли идоралари ходимлари тиббиёт ходимлари жалб қилинган ҳолда озодликдан умрбод маҳрум қилинган маҳкумлар билан тушунтириш ишларини олиб бормоқда”, — дея хабар беради Жазони ижро этиш Давлат хизмати.

Жазони ижро этиш Давлат хизматининг маълум қилишича, Қирғизистондаги муассасаларда 347 нафар умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкум жазо муддатини ўтамоқда.