«Қамаймиз». Ўшдаги маршнинг уюштирувчилари таҳдидлар бўлганини айтиб чиқишди

Ўшда 8-март муносабати билан ўтган юриш. 2018 йил. Сурат: Айбике Амангелди қизи

Ўш шаҳридаги «Новый ритм» жамоатчилик уюшмасининг етакчиси Гулиза Абдижапарова мэрия ва милиция тарафидан «таҳдидлар» бўлганини билдирди. Уюшма 8-март муносабати билан марш уюштиришни истаган. Аммо маҳаллий ҳукумат буни тақиқлаган.

Бунга қарамай «Новый ритм» Конституциянинг «Тинчлик йиғилишлари ҳақидаги» моддасига кўра марш ўтказишга қарор қилган. Бу ҳақда мэрия ва Ўш ШИИБини хабардор қилгандан кейин уларга таҳдидлар бўлганини айтди Абдижапарова.

«Мэриядан “нотўғри, ақл-ҳушингларни йиғинглар, шарманда бўласизлар, қўлингларни қайриб олиб кетишади” дейишди. Шундан кейин милициядан ўзини Мирлан Турдалиев деб таништирган киши қўнғироқ қилдию У “провакация бўлиб кетса, уюштирувчиларни қамаймиз, қий-чув бўладиган бўлса хафа бўлманглар. Мен сизларни қўрқитаётганим йўқ расман огоҳлантиряпман” деб қўрқитти», — деди Абдижапарова.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Замир Сидиков «Азаттык»қа таҳдид бўлгани ҳақида маълумоти йўқлигини айтган. У юқорида номи тилга олинган милиция ходимининг ким экани аниқланишини билдирди. Шунингдек у милиция маршни ўтказишни тақиқлай олмайди, тавсия бера олади деб қўшимча қилган.

Мэриянинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров «Новый ритм»га нисбатан таҳдидлар бўлмаганини айтди.

Абдижапарова қўшимча қилишича, «таҳдидлардан» кейин уюшманинг аъзолари юристлар билан маслаҳатлашиб уюшманинг бундан кейинги фаолияти зарар кўрсамлиги учун ва жисмоний хавфсизликни ҳам ҳисобга олиб тадбирни идорадагина ўтказишни тўғри топишган.

Икки кун аввал Ўш мэрияси ва Ўш ШИИБи «Новый ритм»га маршга чиқмаслик бўйича хабарнома жўнатган. Маҳаллий ҳукумат буни республика штабининг Коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик бўйича фуқароларга оммавий чеклов киргизиш бўйича буйруғи билан асослашган.

«Новый ритм» жамоат уюшмаси 2014 йили тузилган. Уюшманинг аъзолари ёшларни қўллаш ва инсон ҳуқуқлари сақланган жамиятни қурувчи келажак авлоднинг имкониятларини кенгайтириш йўналишида иш олиб боради. 8-март Аёлларнинг халқаро куни муносабати билан эса ушбу уюшма тинчлик маршини 2017 йилдан бери ўтказиб келади. Унда аёлларнинг ҳуқуқи, тенгҳуқуқлилик, таълим олишга бўлган ҳуқуқ ҳақида чақириқлар бўлади.