«1000 сом беришади». Ўшда сайлов учун талабалардан паспорт тўплана бошлади

515

Ўш шаҳрида жорий йилнинг 12-апрелида маҳаллий кенгашга сайлов ўтади. Талабаларнинг айтишича, сайлов сабаб шаҳарнинг олий ўқув юртларида улардан паспорт тўпланиб, овозларни сотиб олиш ҳаракатлари бўлмоқда.

“Клооп”га университетларнинг бирида ўқиган талаба WhatsApp мессенжеридаги ёзишманинг скриншотини юборди. Ёзишмада номаълум киши талабани “Апсейит Каримбеков исмли номзодни” сайлаб қўйишни илтимос қилган ва “1000 сомдан берилишини” айтган. Бундан ташқари паспортини сўраган, уни паспорт столга олиб бормоқчи бўлган.

Апсейит Каримбеков исмли киши эса Абдисаит Каримбеков бўлиши эҳтимол. Каримбеков ҳозирда “Онугуу-Прогресс” партиясидан Ўш шаҳар кенгашида депутат. Шунингдек у “Республика-Ата-Журт” фракциясидан Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Жиргалбек Саматовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

“Клооп”нинг журналистлари Каримбеков билан алоқага чиқмоқчи бўлганда унинг ёрдамчиси депутат мамлакатда эмаслигини билдириб, изоҳ беришни истамаган.

Шунингдек “Клооп”га яна бир талаба мурожаат қилиб, университетда паспортларни тўплаб, “бермайман деганларни сессияда қийнайман” деб қўрқитилаётганини билдирди. “Паспортларни тўплаб олиб шаҳарга рўйхатдан ўтказишар экан”, — деди у.

Бундан аввал “Турмуш” нашри навбатдаги маҳаллий сайлов учун олий ўқув юртларнинг бирида талабаларнинг паспортларини тўплай бошлаганини маълум қилган. Исм-шарифини айтишни истамаган талаба паспортни тўплаб бериш талабини “университетнинг етакчилиги” қўйганини айтган.

“Бизнинг ўқув юртда куратор, деканлар мажбурий турда талаб қўйиб, ҳақига “дарслардан яхши баҳо қўйиб бераман, чойхонага олиб бораман“ деган ваъдаларни айтишмоқда. Улар биздан нимани талаб қилишмоқда?

“Мажбурий турда паспортингларни тўпланглар“ дейишди. Бироқ ҳозирча паспортларимизни берганимиз йўқ. “Паспортингларни ҳеч кимга бермай туринглар, менга беринглар“ деган таклифлар келяпти. Сессия яқинлаб қолганидан “сессиянгга ёрдам бераман“ деган гапларни айтишяпти. Пул ваъда қилганлар ҳам бор”, — деган талабаларнинг бири.

Давлат рўйхатга олиш хизматининг мутахассиси Адилет Бейшеналиев “Т-Медиа”га билдиришича, жорий йилнинг 1-январидан 10-февралга қадар Ўш шаҳрига 30 мингга яқин одам рўйхатга турган.

Юрист Маратбек Сакавини ўғлининг айтишича, сайловга тайёргарлик бўлган вақтда номзод ёки унинг яқинлари сайловчиларнинг овозини сотиб олиш факти аниқланса, номзоднинг рўйхати бекор қилинади.

“Бу фактлар аниқланса Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилса бўлади. МСК [маҳаллий кенгашга] номзоднинг мандатини номзодликдан олиш ёки олмасликни ҳал қилади”, — деди Сакавидин ўғли.

“Маҳаллий кенгашларнинг депутатларини сайлаш ҳақида”ги низомида сайловчиларнинг овозларини сотиб олган номзод ёки унинг яқинлари жазо ёки бошқа жавобгарчиликка тортилиши ёзилган. Жазо кодексининг “Сайловчилар овозларини сотиб олиш” моддасига кўра, овоз сотиб олган фуқаро максимал 2,5 йилга озодлигидан ажратилиши мумкин.

Муаллиф: Диана Омурзакова