Хитойдан келган 22 ҳайдовчи “Иркештам” назорат ўтказиш пунктида вақтинчалик ётоқхонада изоляцияланиб турибди. Тегишли идоралар уларнинг соғлиқ ҳолатини текширмоқда. Ҳайдовчиларнинг изоляцияси қанча вақт давом этиши номаълум.
“Биз ҳозир “Иркештам” постидамиз. Ўша ерда бизга ётоқхона тайёрлаб қўйишибди. Текширишяпти, кўплаб органлар бор экан. Қайси бири қандай идора эканини сўрамабман, барча идорадан вакиллар бор экан. Озиқ-овқатидан бир оз норози бўлмоқдамиз. Чунки кучли овқатланиб ўрганиб қолганмиз. Бугун бир қўй сўйиб берамиз дейишди”, — деб билдирди ҳайдовчилардан бири.
Хитойга юк олиб келиш учун Ўш вилоятидан январнинг охирида ўнлаган оғир юк ташувчи машиналар кирган.Улар юк олиб чиққунга қадар қирғиз-хитой чегараси ёпилиб қолган.
Ҳайдовчилардан бири “Клооп”га улар Хитойнинг Улугчат ҳудудида қолишга мажбур бўлишганини айтди. Деярлик ўн кунга яқин Хитойда қолиб қолган ҳайдовчилар 4-февралда Қирғизистоннинг “Иркештам” назорат ўтказиш пунктига келишди.
Юк машиналарининг ҳайдовчилари айтишича, чегаранинг очилишини меҳмонхоналардан бирида кутиб туришган ва уларнинг тана ҳароратини маҳаллий ҳукумат вакиллари уч маҳал текшириб турган.
“Ўзимизнинг соғлигимиз учун тез-тез қўлимизни совун билан ювиб, юз ниқоби тақиб юрдик. Озиқ-овқатни ва юз ниқобини меҳмонхона бериб турди”, — деди ҳайдовчилардан бири.
Қирғизистон чегара хизмати Хитойдаги Янги йил байрами сабабли 24-31 январга қадар қирғиз-хитой чегараси ёпилганини хабар қилган. Кейинчалик қирғиз ҳукумати короновирусга боғлиқ “Иркештам” ва “Торуғарт” ўтказиш пунктларида назорат кучайтирилиб,санитария-карантин пунктлари ишлаётганини хабар қилган.
Короновируснинг ўчоғи — Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухань шаҳри. Бунга қадар Хитой ҳукумати 11 млн одам яшаган Ухань шаҳрини ва бошқа яна 10дан ортиқ шаҳарни карантинга ёпиб, темир йўл ҳамда авиарейсларни бекор қилиб, шаҳар ичидаги транспортни тўхтатган.
5 февраль куни эрталабки маълумотларга кўра, коронавирусдан вафот этганлар сони 492 кишига етган. Вирус юқтирганларнинг сони 24,5 мингга етган. Пневманиядан 911 киши тузалди.
Муаллиф: Байкал Топчубаев