Жалолобод вилоятида бир аёл икки ёшли жиянини ўлдирганликда гумон қилинмоқда

644

Жалолобод вилоятидаги Сузоқ туманида 27-январда икки ёшли бола вафот этди. Унинг танасида калтак излари топилган. Боланинг ўлимига уни қараб юрган янгаси гумонланмоқда.

«Болани қараган янгаси сўроқ қилинмоқда. Келинойисининг қўлида чақалоғи ва кичкина болалари бор бўлгани сабабли эҳтиёт чораси кўрилмоқда. [...] Суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, ҳозирда тергов амаллари олиб борилмоқда», — деб билдиришди Жалолобод вилоят ИИБининг матбуот хизматидан.

Бу воқеа Жиноятлар ва қилмишларнинг умумий реестрида «Танага оғир зарар етказиш» моддаси билан судгача текширув бошланди.

Вафот этган боланинг отаси Россияда меҳнат миграциясида юргани, онаси эса 2019 йили вафот этгани аниқланди.

Ўтган йили май ойида ҳам Сузоқ туманида 2 ёшли қиз ўлиб қолган. Унинг ўлимида бувиси гумонланиб, иш судга ўтган. Бу воқеада ҳам қизнинг онаси Москвада ишлаб боласини ўгай онасига ташлаб кетган эди.

Бош прокуратуранинг маълумоти бўйича, охирги беш йилда болаларга нисбатан қилинган зўравонликнинг сони ўсган. 2014 йили 143 ҳолат рўйхатга олинган бўлса, 2018 йили бу кўрсаткич 187га етган. 2019 йилнинг эса 9 ойидаёқ зўравонлик ҳолатлар 255ни ташкил қилган. Бу бизнинг мамлакатда болаларга нисбатан калтаклаш, ўлдириш, зўрлаш деярлик кун ора рўйхатга олинади деганни тушунтиради.

Муаллиф: Тимучин Аканов