Бир кадр билан: Кербенда бемор ёш болалар йўлакка ётқизилган 

Кербен шаҳар касалхонасида коридорга ётқизилган она-бола. Сурат: Санрабия Сатибалдиева

Журналист Санрабия Сатибалдиева фейсбук саҳифасига 6-январда Жалолобод вилоятининг Кербен шаҳар касалхонасида ёш болалар оналари билар коридорга ётқизилгани олинган суратларни эълон қилди. Унинг айтишича, беморлар тузалмай туриб қайта касалликлари кучаяётганини айтишмоқда. 

Суратлардан коридорга ётқизилганлар болалари учун кароватни ўтирғичлардан қилишганини кўриш мумкин. 

«Тўғри, ўрин етишмайди. "Ҳар йили шу аҳвол, ҳаммасида бир хил" деб, қўл қовуштириб ўтираверамизми? Соғлиқни сақлаш вазирлиги уйғонса бўларди», — деб фикр қолдирган у. 

Касалхона етакчисининг ўринбосари  Қиличбек Буланбеков журналистнинг постига беморлар коридорга вақтинча ётқизилган деб изоҳ қолдирган. 

«Якшанба куни беморлар уйига чиқарилмай, дам олиш кунлари касаллар кўп бўлиб қабуллар ҳам кўпайган. Эрта билан аҳволи яхшиланганлар уйига чиқарилиб, коридордагилар хоналарга киргизилган», — деб тушунтирган Буланбеков.

Унинг таъкидлашича, 6-январда эрта тонгда коридор бўшатилган. Бу орада мазкур воқеа ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Айримлар шифокорларда айб йўқ деса, баъзи бирлари вазирлик касалхонадаги вазиятга эътибор қаратиши керак деб ҳисоблашган. 

Давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков эса 2020 йилни регионларни ривожлантириш, мамлакатни рақамлаштириш ҳамда болаларни қўллаш йили деб эълон қилган. Бу ҳақда у Янги йил табригида билдирган.  Жээнбеков болалар мамлакат қўлловига доимо муҳтож бўлишини таъкидлаб, болалар соғлиги эътибор марказидаги масала бўлганини айтган.