Ўш шаҳар мэрияси 27-декабрда шаҳардаги ресторанлардан бирида ёшларга бағишланган янги йил кечасини ўтказди. Бунга сарфланган маблағ маҳаллий бюджетдан ажратилди.
Тадбирга мэр Таалайбек Сарибашов, шаҳар кенгашининг етакчиси Жапар Ормонов, ёш раҳбарлар, фаоллар, талабалар, тадбиркорлар ҳамда журналистлар қатнашишди.
Мэриянинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров кечани мэрия қошидаги Ёшлар комитети уюштирганини билдирди. Аммо қанча маблағ сарфлангани ҳақида маълумот йўқлигини, бу саволга жавобни қўмитанинг етакчисидан олишни айтди.
Материал эълон қилиниши арафасида қўмитанинг етакчиси Иззатбек Берхмаматовдан изоҳ олиш имкони бўлмади.
«Клооп»нинг журналистлари Давлат харидлари департаментининг сайтидан кеча уюштириш бўйича тендерни топа олишгани йўқ.