Шикмаматов Текебаев билан келишмовчилик ортидан мандатини топшириб, «Ата Мекен»дан кетди

533
Сурат: Қирғизистон ҳукумати

«Ата Мекен» фракциясини бошқарган Алмамбет Шикмаматов Ўмурбек Текебаев билан фикр келишмовчилиги сабаб депутатлик мандатини топширганлиги ҳамда партиядан кетганлиги ҳақида билдирди. У буни «ачиниш билан қабул қилганини» ҳамда унга бундай қарорни қабул қилиш «ўта оғир» бўлганини билдирди.

Шикмаматов Текебаев билан қандай келишмовчилик сабаб мандатини топширганини очиқлагани йўқ — бу ҳақда у кейинроқ айтиб беради. 

«“Ата Мекен” партиясига 15 йилдан бери аъзоман. Бу партиянинг аъзоларини ишга берилган, энг ғайратли одамлар деб биламан. Текебаев ўта кучли сиёсатчи, қонун чиқариш борасида олдига ҳеч ким тушолмайди. Кучли политтехнолог, сиёсий комбинацияларнинг “отаси”, сиёсий харизмаси бор лидер ҳамда тарихий инсон. Аммо ҳаёт экан, иккимизнинг ўртамизда “қора мушук” оралаб ўтди. Сабабларини ҳозир айтмай турай. Балки, кейинчалик халқ билар. Фикрлар турлича. Уни кейин айтаман. Асосийси, мен партиядан чиқаман деб қарор қилдим. Чунки, мен учун болаликдан бошлаб 50 ёшга чиққунга қадар ҳар дойим шаҳсий ор-номусимни мандатдан ҳам, лавозимдан ҳам юқори тутганман», — деб билдирган у «Азаттык»қа.

Марказий сайлов комиссияси Шикмаматовнинг аризаси бўйичп депутатлик ваколатларини муддатидан аввал тўхтатди. Бунинг ўрнига ФҲВ вазирининг собиқ ўринбосари ва  «Ата Мекен» партиясининг аъзоси Нурбек Сидигалиев депутат бўлади.

Алмамбет Шикмаматов 1999 йилдан бошлаб давлат лавозимларида меҳнат қилиб келган. У 2015 йили парламентнинг депутати ҳамда фракциянинг лидери бўлиб, «Ата Мекен» партиясидаги карьерасини бошлаган. 

Ўмурбек Текебаев «Ата Мекен» социал-демократия партиясини 1992 йили ташкил қилиб, бугунги кунгача лидери бўлиб келмоқда.