Олмаотада йўловчи самолёти қулади, тирик қолганлар ва ҳалок бўлганлар бор

722

Бугун эрта билан «Бек Эйр» авиакомпаниясининг самолёти Олмаотадан парвоз қилиб, кўп ўтмай Олмаота вилоятининг Қизил Ту қишлоғининг ёнига қулаган. Нур-Султонга қараб учган самолёт бортида 95 йўловчи бўлган. Ҳалок бўлганлар борлиги маълум бўлди, аммо жабрланганларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум. 

Самолёт бортида 95 йўловчи ва экипажнинг беш аъзоси бўлган - учувчи вафот этган. 14 киши ҳалок бўлганлиги маълум, 35 киши жароҳат олган, улардан 22 нафари оғир аҳволда. Бортда етти ёш бола бўлганлиги, уларнинг учтаси чақалоқ экани маълум.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеолардан ёрдам сўраб қичқирган йўловчиларнинг овозларини эшитиш мумкин. Инстаграмдаги бир видеодан самолёт вайроналари орасидан бир қиз чиқиб келаётганини кўрса бўлади.

Жабрланган болалар Болалар шошилинч тиббий ёрдам марказига, катталар Олмаотадаги №4 шаҳар касалхонасига жўнатилди.

Омон қолганлар

Тирик қолганлардан бири авария ҳақида Mash телеграм каналига айтиб берган. 

«Биз бир оз кўтарила бошладик, яна кўпроқ силкина бошлади, оқибатда қандайдир бир тўқнашув бўлди. Силкинишдан ҳамма қулай бошлади… Қичқириқлар… Кимдир авария эшигини синдириб, бари чиқа бошлади», — деб айтиб берди Гулнара Кошенова.

Самолёт Олмаотадан эрталабки соат 7:05да учиб чиққан ва «ФлайтРадар» сайтидаги маълумотлар бўйича у парвоз вақтида қулаган. 

Олмаота аэропорти журналистларга авария соат 7:22да бўлганини хабар қилди. Гувоҳларнинг ижтимоий тармоқларга эълон қилган видеосида самолёт бетон тўсиққа урилиб, шундан кейин икки қаватли бинони уриб олганини кўриш мумкин. 

«Бэк Эйр» авиакомпанияси 1999 йили ташкил қилинган ва охирги вақтда йўловчиларни арзон авиачипталар билан ўзига жалб қилиб келган.