КСДПнинг аъзоси Асилбек Жээнбековни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилди

552

КСДП аъзоси ва собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг фаол тарафдори Темирлан Султанбеков Бош прокуратура унинг аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилганини хабар қилди.

Султанбеков аризасида терговчилардан ҳозирги депутат, парламентнинг собиқ спикери ва президентнинг укаси Асилбек Жээнбековни жиноий жавобгарликка тортишни сўраган.

Жээнбеков парламент спикери бўлиб ишлаган вақтида депутатлар Бишкек ИЭМини модернизация қилиш бўйича келишувни кўриб чиқиб, шундан кейин қабул қилишган.

Султанбековнинг фикрича, Бишкек ИЭМини модернизация қилиш бўйича ҳужжатдаги «камчиликларни ва ноаниқ ерларни тузатишга» ҳамда келишувнинг ўзини ўрганишга депутатларнинг камида бир ярим ой вақти бўлган.

«Бироқ, спикер Асилбек Жээнбековнинг қарори билан парламент бир кун ичида қонунни қабул қилган», - деб ёзади Султанбеков.

Унинг фикрича, Жээнбеков «Жогорку Кенеш Регламенти тўғрисида»ги қонунни бузган ва шунинг учун иссиқлик электр стантсиясини модернизация қилиш нотўғри амалга оширилган. Султанбеков собиқ спикерга қарши «Хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш» ва «Масъулиятсизлик» моддалари бўйича жиноий иш қўзғаб, уни ҳибсга олиш кераклигни билдирди.

«Терговга босим ўтказилмаслиги учун унинг барча қариндошлари ва яқинлари вақтинча ўз лавозимларидан бўшатилиши керак», - деб ёзади Султанбеков.

Унинг сўзларига кўра, бош назорат идораси унинг аризасини рўйхатдан ўтказган.

Ҳукумат Бишкек ИЭМни модернизация қилишдаги коррупцияни текширишни 2018 йил январ ойидаги авариядан кейин бошлаган. Ўша вақтда шаҳардаги кўп қаватли уйлар деярли бир ҳафта иссиқликсиз қолган. Бир неча ой давом этган терговлардан сўнг, собиқ бош вазирлар Жанторо Сатибалдиев ва Сапар Исаков, собиқ молия вазири Олга Лаврова, собиқ энергетика вазири Осмонбек Ортиқбоев ҳамда бошқа амалдорлар қамоққа олинган.

Парламентнинг депутатлари 2019 йили ёзда Алмазбек Атамбаевни ИЭМни модернизация қилишдаги коррупцияда айблашган. Бу Атамбаэвни собиқ президент мақомидан ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига, ҳамда шундан кейин уйини штурмга олиш амалиётини ўтказиб қўлга олинишининг ягона сабабларидан бири бўлган.