Петербург метросидаги портлашда айбдор деб гумон қилинган Аброр Азимов судга қийноқлар қўлланилганини айтиб берди

521

Санкт-Петербургнинг метросидаги терактни уюштиришда гумон қилинган Аброр Азимов 17-октябрда шаҳарнинг Ленинград округининг ҳарбий судига биринчи бор кўрсатма берди. Россиянинг  «Фонтанка.ру» нашри унинг судда айтган сўзларини ҳикоя қилади.

Тергов фаразига кўра, куч ходимлари Аброр Азимовни 2017 йилнинг 17-апрелида қўлга олишган. Буни Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) тарқатган видео лавҳа тасдиқлаб турибди. Аммо Азимов судда 4-апрель куни тунда қўлга олинганини билдирди. 

Унинг айтишича, ўша куни Украинадаги акасининг ёнига бормоқчи бўлган. Йўлда кетаётганда у бораётган машинани ДАН ходимлари тўхтатишиб, ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилишган. 

Азимов айтиб беришича, Ўшда берилган чет элга чиқиш паспортини уларга кўрсатгандан кейин уни ва бошқа йўловчиларни милиция бўлима ўтиб боришни илтимос қилишган. 

«Шундан кейин тўхтанглар деб, мени эса чиқиб, қора минивэнга ўтир дейишди. Мени ўтир деб, дарров қўлимни қайриб, бошимга қоп кийгизишди. “Нима бўлди?” деб сўраганимда, менга “Жим ўтир” дейишди. Сумкамни, ҳужжатларни тортиб олиб, полга ирғитиб юборишди», — деди у.

Унинг айтишича, таҳминан бир соат йўл юргандан кейин уни номаълум жойга киргизишиб, қўлни «чап томондаги трубага» кишанлаб, сўроқ қила бошлашган. .

У суд ва ҳуқуқ ҳимоячиларига сўроқнинг бари қийноқ билан ўтганини, уни калтаклаб, ток билан қийнашганини айтди. Унинг айтишича, қийноқ “Нима десанглар шуни қиламан, фақат қийнашни тўхтатинглар” деб айтгунга қадар давом этган. 

Ундан туғилган ери, диний эътиқоди ва шунингдек Туркияга боргани ҳақида, Акбаржон Жалилов билан алоқаси ҳақида сўрашган. Тергов Жалиловни терактнинг ижрочиси деб ҳисоблайди. 

Азимов қийноқлардан икки ҳафта ўтгандан кейин унга видеога тушишга намуна беришиб, қўлга олиш юз берган ерга олиб боришганини билдирди. Унинг айтишича, бир ҳафта ўтирган аҳволда бўлгани сабаб оёқда турганда қулаб, «маст одамдек, нима бўлаётганини аранг ҳис қилиб турган».

«Мен уюштирмаганман ҳам, қатнашмаганман ҳам, ҳеч нарса тайёрламаганман ҳам ва қурол олиб юрмаганман. Россияда ўз тирикчилигимни қилиб юрган оддий меҳнаткашман», — деб айтди Азимов.

Дастлаб Азимов ўз айбини қисман тан олган. Аммо кейинчалик  терактни уюштириш бўйича кўрсатмаларидан бош тортиб, уларни зўрлаб олишган деб билдирган. Федерал хавфсизлик хизматининг (ФХХ) ходимлари терактда қўлланилган портловчи модда билан ўт ўчирғични унинг отасига яширин ташлаб қўйишларини айтишган. 

Тергов версияси бўйича, Азимов 2014 йили радикал исломга қизиққан, аммо Жалилов билан таниш эканини тан олмаган. Азимовнинг кейинчалик бош тортган кўрсатмаларига кўра, у Жалилов билан сўзлашувларни олиб борган Ахмад деган шаҳс билан ўзаро алоқа қилиб турган. Кўрсатмада Азимов Жалиловнинг картасига уч минг долларга яқин пул ўтказгани айтилган. 

«Бошиданоқ айтиб қўяй, метродаги портлаш керак эди ва у Россиянинг ички муаммоларидан чалғитиш учун қилинган. Ўзимнинг ролим ҳақида кейинроқ айтаман. У [Ахмад] соқол ўстириб юрмасликни ва масжидга озроқ боришни илтимос қилган. Кўзга ташланмай юришим керак эди. Шунинг учун кўз ойнак ва кепкани кўп кийиб юра бошлаганман», — деб келтирди прокурор Азимовнинг бош тортган кўрсатмасини.

Азимов ҳозирда Жалиловнинг картасига танишининг илтимосига кўра пул ўтказганини айтмоқда. «Ўғлим ёруғ дунёга келмоқда, бахтиёр отаман, кейин бу ёқда қандайдир бир радикал оқимлар. Шундай бўлса ҳам улар сохталаштиришган, энди мен халқнинг назарида террорчиман», — деди Азимов.

Аброр ва Акрам Азимовлар 2017 йилнинг апрелида Россиянинг Федерал хавфсизлик хизмати тарафидан Санкт-Петербургдаги терактни уюштириш гумони билан қўлга олинган. Ака-укалар Қирғизистоннинг Жалолобол вилоятида туғилиб ўсган.

                                                                            Ҳаммуаллиф: Анна Капушенко