Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Замир Сидиков «Клооп»га Руслан Матраимовнинг боғбони Омат Абдикадир ўғлига ва «Азаттык»нинг оператори Айбек Кулчумановга тайинланган суд-тиббий экспертизанинг натижалари чиққанини хабар қилди.
Экспертизанинг натижаси бўйича бошига дрон қулади дейилган Абдикадир ўғлининг мияси чайқалган, Матраимовларнинг яқинлари калтаклаган Кулчумановнинг танасида эса жароҳат топилмаган.
«Кулчуманов Ўш вилоят касалхонасининг қабул қилиш бўлимига мурожаат қилганда “бош миясидан ёпиқ жароҳат олган, бош мияси чайқалган” деган дастлабки ташҳис қўйилган. Бироқ текширувдан кейин қўйилган ташҳис тасдиқланмаган. Абдикадир ўғли шаҳар касалхонасининг нейротравматология бўлимига мурожаат қилганда, “бош миясига ёпиқ турда жароҳат олган, бош мияси чайқалган ва танасига кўплаб жароҳат етган” деган ташҳис қўйилган», — деди Сидиков.
Айбек Кулчумановга 28-сентябрь куни Ўшда калтаклашган. У Матраимовлар оиласининг фаолияти бўйича навбатдаги суриштирув учун дронга видео олиб юрганда, тўрт киши ундан дроннинг пультини, видео ускуналарни ҳамда ҳужжатларни тортиб олган.
Ҳужум қилганлар техник ускуналарнинг барини ўша куниёқ кечаси милицияга олиб келиб беришган. Улар Кулчумановнинг устидан ариза ёзишиб, уни «ҳусусий мулкка рухсатсиз киришда» айблашган. Милиция журналистларга ҳужум қилган кишилар — Матраимовлар оиласининг «яқинлари» эканини маълум қилган. Кулчуманов ҳам унга ҳужум қилиш факти бўйича ариза ёзган.
Муаллиф: Элдияр Бакиров